Янги китоб: Тафаккур қудрати – ҳаёт ҳақиқати
Таниқли файласуф олим, давлат арбоби, қадрли устозим Бахтиёр Ўрдашевнинг “Хотирам лавҳалари” деб номланган китобини мутолаа қилар эканман, кўз ўнгимда жамиятимиз ва халқимиз ҳаётининг энг зиддиятли, масъулиятли, машаққатли даврида – ХХ асрда шаклланган ва камолга етган мутафаккир бир шахс намоён бўлди. Сўзларим муболаға эмас. Бунинг исботи олим хотиралари ўрин олган биринчи китоб бўлмиш “Номи хушоҳанг Жума” номли асарда равшан кўринади. Асарда тоталитар тузум ҳукмрон жамиятда чин инсонийлик, олимлик, оқил ва инсонсевар раҳбарлик фазилатларини ўзида мужассам этган ва ёт мафкура таъсиридан асрай олган шахс ҳакимона мушоҳада юритади.
Китоб қадимий Самарқанд шаҳрининг “Бурилиш” деб номланган бекатидан мўъжаз, аммо анча тарихий провинциал шаҳарча Жумага экскурсдан иборат. Экскурс – нисбий маънода. Чунки бу ўзига хос саёҳатда ёзувчи тарихий, жуғрофий, этномиллий ва маданий, фалсафий, маърифий мушоҳадалар оқимида сузади, ҳаётий кузатувлари асосидаги мантиқий хулосаларини баён этади. Асар “Ақл бовар қилмас жозиба”, “Бурилишдан бошлангувчи йўл”, “Этномаданият анъаналарини сақлаб келаётганлар”, “Ўнқир-чўнқир йўллар оша... ёхуд бечора дарахтлар ҳақида бир оғиз сўз денг”, “Чархпалак сабоқлари”, “Навбатдаги бекат – “Арабхона”, “Олға учгил бизнинг паровоз... ёки Қарағанда орқали Жумага” каби бир қатор ғоят қизиқарли сарлавҳалар билан бошланадиган ҳикоялардан ташкил топган.
Ўсмирликнинг ёрқин таассуротлари муаллифнинг Ўзбекистоннинг футбол командаси “Пахтакор”нинг халқаро ўйинлари тафсилотларида ва шунга боғлиқ ёши, савияси турлича бўлган ишқибозлар ўртасида юрган ҳар хил ривояту латифаларда ҳам ўз ифодасини топган. Аммо, хулоса файласуфона, ҳакимона: “Энди – ўша воқеалардан неча ўнлаб йиллар ўтгач, футболга алоҳида меҳр билан қаровчи, ундан роҳатланувчи, уни анча-мунча чуқур тушуниб, етарлича баҳолай олувчи бир ўзбекистонлик ишқибоз сифатида, кейинроқ майда-чуйда амирликлар, султонликлару князликларга бўлиниб кетган ҳув “ўша” ерлар футболчиларининг мамлакатимиз термаси ёки жамоалари билан ўйинлардаги бугунги кибру ҳаволарини кўриб, ўтган даврларга нисбатан ғалати бир соғинч ҳиссини туяман. Чамаси, бу соғинч ўша ХХ аср қаъридан келаётган бир ҳис – ватанпарварлик туйғусининг ҳеч нарсага, чунончи ҳеч қандай зебу зийнат, молу давлатга алмаштириш мумкин эмаслигига ишонч билан боғлиқ бўлса керак. Дейдиларки, бугун ўша “қора қитъа”даги диндошларимизнинг долларлари мамлакатлари жойлашган саҳродаги қумлардан ҳам кўп эмиш. Бироқ, мен қўмсаётган ҳиссиётнинг қадрию қудратига ҳеч қандай бойлик баробар келолмайди, деб ўйлайман”.
Олимнинг хотиралари билан боғлиқ кузатув ва таҳлиллари бевосита жамият ҳаётидаги муаммолар ўзанига тушиб кетаверади. У жамият маънавий қатламини ўйлантирган, ташвишга солган кўпгина муаммолар ҳақида сўз очади, ўзининг муносабатини билдиради, таклифларини беради: “Ўзимдаги консервативликнинг айрим кўринишлари, чунончи ҳаётимизга хос бўлган, бироқ етарлича қадрланмагани боис йўқолиб бораётган бетакрор русум ва анъаналарни қўмсаш ҳисси қаёқдан пайдо бўлганини ҳеч қачон тушунтириб беролмасам керак. Фақат шуни айтишим мумкинки, маданиятшунослик борасидаги қарашларим асосида англашимча, маданиятдаги ворисийлик (авлоддан авлодга ўтиш) механизмининг қайси бўғинида сусайиш, заифлик юзага келса, ўша ерда миллатнинг ўзига хослигини белгиловчи хусусиятлар секин-аста, сездирмасдан пасайиб таназзулга учраб, яшовчанлигини йўқотиб боради. Ахлоқий қадриятлар касодга учрайди, фикр тарзи бузилади, кўзланадиган марралар ёмон томонга ўзгаради, уларнинг ўрнини ташқаридан тиқиштириладиган тажовузкор тушунчалар эгаллайди. Чамаси биз бундан тегишли хулоса чиқариб, ўз миллий қадриятларимизга муносабатни янада мукаммаллаштиришимиз керакка ўхшайди”. Олим японлар, малайзияликлар, сингапурликлардаги иқтисодиёт ва инновациялар соҳасидаги янгиланишни, яҳудийларнинг ўз қадрият ва анъаналарини миллий ўзликни англаш воситасига, интеллектуал салоҳиятни узлуксиз кучайтириш, юксак даражадаги профессионализмга эришишнинг қудратли қуролига айлантирганликларини, хитойликларнинг яқин келажакда дунё бозорини батамом эгаллаш, дунё ҳамжамиятида яққол етакчиликни қўлга киритиш борасидаги шиддатли фаоллигини ўз миллати тақдирида ҳам кўришни истайди.
Муаллиф ватанининг ҳар бир қарич ерини, табиатини эъзозлайди, меҳр билан кузатади. У ватанининг тарих тегирмонига тушган мўъжаз парчаларигача эслайди, қадрлайди, афсус чекади: “Хотирамга мустаҳкам ўрнашган иншоотлардан яна бири Самарқанддан келаверишда чап томонда бепоён далаларнинг қоқ ўртасида қад кўтарган, баландлиги тахминан 3 қаватли уйча келадиган якка тепалик. Дарғомнинг худди Голливуд фильмларида акс этган каньонларга ўхшаб кетувчи тик жарликлари яқинидаги бу тепаликни илк бор болалик пайтларимда, ҳаётимнинг энг асосий йўлидан эндигина юра бошлаган чоғларимда кўриб, алоҳида эътибор қилганман. Бир қарашда жуда оддий, жўн кўринадиган бу кичкина қир мени беихтиёр ўзига тортди ва худди Малевичнинг “Қора квадрат” картинаси сингари унинг алланечук яширин синоатлари хусусида ўйлашга даъват этди. Узоқ йиллар мобайнида давомли танаффуслар билан бу қадрдон йўлдан ота маконим сари борар эканман, ҳар гал нигоҳим билан ушбу тепаликни изларди ва яшил далалар узра мағрур қад кўтариб турган салобатли юксакликни кўргач, кўнглим тўлиб, руҳимда ажиб бир сокинлик ҳис этар эдим. Аммо... кунлардан бир кун, навбатдаги сафарларимдан бирида болалик чоғларимдан буён мен учун аллақандай қимматли табиат обидасига айланган ушбу тепаликнинг ҳажми тобора кичрайиб бораётганини сезиб қолдим. Орадан ўнлаб йиллар ўтгач эса, тасаввуримнинг ажралмас бўлагига айланган бу баландлик буткул текисланиб, йўқ қилиб юборилганига гувоҳ бўлдим. Шўрлик тепа табиатни “забт этувчи” маҳаллий шоввоз мансабдорларнинг ҳар қандай ўзига хосликни бир хил, зерикарли текисликларга айлантириш борасидаги шижоатларининг қурбонига айланган экан... Паст Дарғомдаги тепаликнинг йўқолиши, дунёнинг ўзидек кўҳна ва эвристик аҳамиятга эга бўлмаган бир ҳақиқатни тасдиқлайди гўё: ҳеч нарса абадий эмас, барчаси ўткинчи. Лекин ўйлайманки, бу тепалик бирор бир хўжалик манфаатларига, умуман ҳеч кимга зарари тегмаган ҳолда яна 500, ҳатто минг йил ўз жойида Самарқанд вилоятининг туристик қиёфасига оро бериб туравериши мумкин эди... Шу маънода 2020, кабиса йилида ер юзининг аксарият қисмини ўз исканжасига олган коронавирус пандемияси инсониятнинг кўзига кўплаб ҳақиқатларни, мажбуриятларни, парвардигор томонидан берилган ва у пешонаси деворга урилганига қадар қадрига етмаган неъматларнинг моҳиятини яққол кўрсатиб қўйди. Бу ерда гап ер юзидаги ҳар бир банда учун бениҳоя оддий, эришиш осон ва ҳеч қачон йўқолмайдиган бўлиб кўринувчи неъматлар ҳақида бормоқда. Пандемия башариятни ўз борлиғининг моҳиятини англашга, маънавий қадриятларнинг моддиятдан нақадар устун эканлигини тушунишга ундамоқда”.
Муаллиф асарда тарихчи, этнограф, эколог, жамиятшунос, маданиятшунос бўлиш билан бирга тилшунос олим сифатида ҳам гавдаланиб туради. У Жума йўлининг олмазор боғлар ёнидан ўтувчи ариқдаги улкан чархпалак ҳақида гапирар экан: “Ушбу суғориш қурилмаси қадимги чиғатой тилида ҳозир жуда кам ишлатиладиган “чиғир” сўзи билан аталган. Ҳозирги ўзбек тилида кўпроқ форс-тожикча “чархпалак” атамаси кўпроқ қўлланилади. Назаримда деҳқон аждодларимиздан қолган ушбу тарихий-маданий артефакт дунё олимлари асрлар бўйи яратишни орзу қилиб келаётган “perpetuum mobile” яъни абадий двигателнинг Марказий Осиёча протомодели, яъни ўзига хос нусхаси сифатида қаралишига арзийди. Айтмоқчиманки, тарихий манбаларда у дунёдаги энг қадим суғориш ускуналаридан бири сифатида тилга олинади... Она тилим бўлган ўзбекчада “чархпалак” сўзининг нақадар топқирлик билан серқирра ва нозик маъноларда ишлатилиши менга жуда ёқади. Турли йилларда чоп этилган изоҳли луғатларни титкилаб, унинг турлича талқинларига эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин: “айланма арғамчи”, “шайтон ғилдираги” (паркларда); сирпаниб ёки қоқилиб кетиб оёғи осмонда бўлиш (агар аниқловчи сўзлар қўшилса), мансабдан, ишдан, бизнесдан, обрўдан (кўчма маънода) жудо бўлиш ва ҳоказо. Шахсан менга унинг тақдир қинғирликлари ва тарих айланмаси, деган маънода ишлатилиши кўпроқ ёқади”.
Олим давлат ва жамият ҳаётини анча чуқур билган, кузатган, таҳлил қилган ва амалий фаолият олиб борган раҳбар ходим ва мутахассис сифатида ҳаётий тажрибаси натижаси ўлароқ кўп соҳаларда билими ва таклиф- мулоҳазалари билан ўртоқлашади. У жамиятда шаклланаётган шахснинг чуқур ижодий-интеллектуал салоҳияти, шунингдек, келгусида фанда янгиликлар ёки адабиёт-санъатда бадиий жиҳатдан юксак асарлар яратиш имконияти унинг болаликда ўзини ўраб турган турфа ранглардаги борлиқни, хилма-хил воқеликларни бевосита кузатиш тажрибаси нечоғлик бой бўлганига узвий боғлиқ, деган хулосага келади. Унинг назарида: “...ўз миллий манфаатларини кўзлаган ҳолда модернизациялаш асосидаги тараққиёт йўлини танлаган ҳар қандай мамлакат бандлик соҳаларидаги дилетантлик, яъни касб маҳоратининг пастлиги, дунёқарашнинг торлиги, креативлик, яъни ижодий ташаббускорлик етишмаслиги – ҳув ўша эллинизм даврларидаги “ахилесс товони”, кўзланган мақсад сари ҳаракатга тўсқинлик қилувчи иллатлардир. Ана шундай ожизона “касбий яроқсизлик” белгилари бугунги Ўзбекистон менежерлар синфи ва ижрочи кадрларининг янги авлоди орасида ҳам тез-тез кўзга ташланиб туради. Жамоатчилик фикрига кўра, бу асосан худди ўша – ўтган йиллар давомида мактаб ҳамда касб-ҳунар тизимида йўл қўйилган нуқсонлар ҳосиласидир. Демак, тушунаяпмизки, барча даврлар учун табиий бўлган авлодлар алмашинуви жараёнида жамиятнинг ўта муҳим соҳаларида “чаласаводлик”нинг аянчли оқибатлари сурункали тарзда намоён бўлиб турибди. Бунинг олдини олиш йўли эса ягона – ўтиш даврида етарлича эзғиланган ва тубанлик сари бораётган таълим тизимимизни қутқаришдан иборат. Ва буни ўзимиздан, шу она замин билан абадий боғланган ҳамда унинг гуллаб-яшнашидан бевосита манфаатдор кишилардан бошқа ҳеч ким келиб қилиб бермайди”.
Китобдан қисқароқ иқтибос олишнинг, кўринаётганидек, мутлақо имкони йўқ. Муаллиф таҳлиллари чуқур, кенг, батафсил. У давлатимизда маориф ва олий таълим тизимида пайдо бўлган масалалар ва муаммоларга ҳам ниҳоятда жиддий ва оқилона ёндашиш лозимлигига эътиборни тортади. “Педагоглар ва ота-оналар жамоатчилиги, - деб ёзади олим, - учинчи минг йиллик бошида ёшлар тўласинча кибер авлодга айланиб кетиши, бунинг оқибатида реал ҳаёт қадриятларни эскирган ва зерикарли деб ҳисоблай бошлаши, хуллас, виртуал гирдобга бутунлай чўкиб кетиши билан боғлиқ хатарларга тобора кўпроқ ва кескинроқ тўқнаша боради. Бу хавфнинг олдини олиш борасидаги дастлабки кечиктириб бўлмайдиган қадамлардан бири – улар ҳам ўз саводхонликларини мунтазам ошириб бориши, бир пайтлар олий ёки ўрта-махсус ўқув юртида олган билимларини бойитиш, аниқроқ айтсак, бугунги авлоднинг савиясидан юқорироқ, яъни уларнинг ахборот технологиялари борасидаги саволларига жавоб бера оладиган даражада бўлишларидан иборат. Навбатдаги хулоса оддий ва тушунарли: агар биз замон билан ҳамоҳанг қадам ташловчи, ижтимой фойдали, етук шахсни шакллантириш йўлидан бормоқчи эканмиз, болалардаги (уларнинг шаҳар ёки қишлоқда яшашини ҳисобга олган ҳолда) коммуникатив – қизиқиш борасидаги фаолликни рўёбга чиқаришнинг шароитлари турфалигини тан олишимиз лозим”.
Маълумки, ҳар қандай давлат ўзининг келажагини ўсиб келаётган ёш авлод интеллектуал салоҳияти ва маънавий кучида кўради, ундан умид қилади. Худди шунингдек, биз варақлаётган китоб саҳифаларида ҳам мана шу соҳага оид фикр-мулоҳазалар, танқид ва таҳлиллар, ҳикоялар, таклиф ва тавсиялар анчагина. Тажрибали раҳбар ва чуқур таҳлил қилувчи олимнинг фикрлари асосли ва долзарб: “Шу ўринда ўзимга хос бўлмаган ва энг кескин, зарурат ҳолатларидагина юзага чиқаришим мумкин бўлган қатъият билан бир таклифни илгари сурмоқчиман: мамлакатимизда олий таълимни жонлантириш борасида амалга оширилаётган бошқа тадбирлар билан бир қаторда алоҳида қобилиятга эга, пешқадам ёшлардан иборат кичик гуруҳлар тузиб, мақсадли тақсимот асосида хорижга ўқишга юбориш ва келгусида бу тажрибани давлат аҳамиятига молик доимий лойиҳага айлантириш даркор. Жамиятни ислоҳ қилиш ва янгилаш борасида ўртага ташланаётган вазифалар миқёси нақадар кенглиги ва бунинг кадрлар интеллектуал савиясига нечоғлик боғлиқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу тажриба узоқ истиқбол учун долзарб аҳамиятга эгадир”. Муаллиф таъкидига кўра, мавзунинг долзарблиги шуни тақозо этадики, ёшларимизни хориж мамлакатларидаги тегишли олий ўқув юртларида жиддий квота тақсимотлари асосида стационар асосда ўқитиб, аъло сифатли касбий таълим олишларини қатъий талаб қилиб, шунга эришмоқ лозим. Бундан ташқари, юртимизда турли филиаллар очиб ташлашга сарфланаётган маблағлар ўзбек ёшларининг дунёдаги нуфузли ОТМларнинг бевосита ўзида таълим олишларига сарфланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Олимни ўйлантирган масалалардан яна бири – давлатимизнинг расмий тили масаласи. Унинг фикрича: “Ўзбекистонда тил билан боғлиқ муаммолар келгусида ҳам ўз долзарблигини йўқотмаслиги, яъни ижобий, жамият учун фойдали манзаралару ечимларга сабаб бўлиш билан биргаликда, айрим манфаатдор кучлар учун аллақандай “гибрид” қурол вазифасини бажариши ҳам мумкинлиги аён бўлмоқда... Айниқса, тушунарли бўлган ҳақиқат кўрсатадики, тилга ҳурматсизлик, унда сўзловчи халққа ҳурматсизлик билан бир қаторда туради. Эндиликда жамиятимиз давлат тили бўлган, шусиз ҳам узоқ йиллар ўз тупроғида ҳақ-ҳуқуқини йўқотиб, хўрланган, камситилган жонажон ўзбек тилимизни қадрсизланишига зинҳор-зинҳор йўл қўйилмаслиги лозим, давлат тили ҳақида қонун сўзсиз ижро этилиши шарт. Айримларнинг зимдан, баъзан ошкора менсимасликларига нисбатан давлат бошқаруви ва жамиятимиз шунга тенг муносабатда бўлишлари лозим”.
Китобнинг энг қизиқарли саҳифалари унда бағоят самимият, ўрни келганда эҳтиром, баъзан беозор юмор, баъзан киноя ва қочиримлар, ўхшатишлар, ҳамдардлик ва муҳаббат билан тасвирланган ИНСОН ТАҚДИРларидир. Булар муаллифнинг азиз ота-онаси, яқинлари, дўстлари, ўқитувчилари, қўни-қўшнилари, таниш-билишлари ... хуллас, ҲАЗРАТИ ИНСОНлар. Уларнинг ҳаётлари билан боғлиқ тафсилотларни эшитиш эса ниҳоятда мароқли. Айнан шу саҳифаларда муаллифнинг ўзининг ҳам инсоний ва инсоншунос сифатидаги самимий қиёфаси ёрқин гавдаланади. Бир ўринда муаллиф Иккинчи жаҳон урушида икки оёғидан айрилган, Бухоро шаҳрига кетаётиб, йўлда Жумага тушиб, шу ерда муқим бўлиб қолган тиланчи чолнинг кўзларини фақат ерга тикиб ўтириши ҳолатини маҳорат билан тасвирлайди. Чолнинг тақдир ҳукмига бўйсунгани, аммо ички ғурури ва маданиятини кўзларини ерга тикиш билангина билдириб турганини тушуниб, унга нисбатан чуқур ҳурматини изҳор этади.
Олим, мураббий, ёзувчи, раҳбар, самимий инсон Бахтиёр Султонович Ўрдашевнинг бу соҳалардаги шахсиятини мен ҳам ҳаётимнинг энг фараҳли йилларида – талабалигимда кўрганман. СамДПИниг рус филологияси факультетида ўқиганман, устоз бизга фалсафадан дарс берганлар. Бошқа домлалардан кўп сифатлари билан ажралиб турардилар, шулардан биттаси: бизни тинглашга, бизни тушунишга ҳаракат қилардилар. Кейинроқ, устоз шу институт бошланғич таълим методикаси факультети декани лавозимида ишлаганларида мен деканатда котиба эдим. Тўғрисўз, адолатли, ғайратли ва асосийси – замонавий фикрловчи раҳбар эдилар. Бир ҳамкасб аёл мендан: “Бунчалик раҳбарингга содиқсан, маҳлиёсан?”, деб сўраган эди. Мен “Ҳа, маҳлиёман. Чунки, бу инсонда ўзимнинг донишманд, мағрур, маданияти баланд Отамнинг, амакиларимнинг сифатларини топяпман. Бу ерда ўзимни оилам бағридагидек ҳис қиляпман”, - деб жавоб бергандим. Факультетда иш жараёнини шундай ўзанга солдиларки, натижада жамоада соғлом ишчи муҳит пайдо бўлди, таълим жараёни сифат ва самараси ўсди, талабалар институт ҳаётининг энг фаол аъзолари, маданий тадбирлар иштирокчилари, умидли ёш куч сифатида намоён бўлдилар. Назаримда, оқил раҳбар бош бўлган бу факультетда ҳар бир талаба ўзини худди оиласи бағридагидек ҳис қилар эди.
Устоз Самарқанд шаҳар музейлар бош бошқармаси директори бўлган йилларида менинг илми баҳри уммон, аммо ҳаётда неча йиқилиб турса ҳам синмаган, булоқ сингари янгидан кўз очаверган, ўзидан катта илмий маҳсулот, асосийси яхши хотира қолдирган отажоним билан ҳам бирга ишладилар. Отажоним ҳам Бахтиёр Султоновичнинг салоҳиятли, жиддий ва жуда тадбирли раҳбар эканликларини доим эътироф этар, чуқур ҳурмат қилар эдилар.
Хуллас, яхши китобни қўлга олган, яхши инсон фазилатлари ҳақида сўз бошлаган киши учун кун ҳам тез ботаркан, тонг ҳам тез отаркан. Ҳаётларининг айни ширага тўлган палласида муҳтарам олимга, азиз устозга, бағрикенг ва самимий ҳазрати инсонга мудом юртга хизмат қилиш бахти ёр бўлишини, икки дунё саодатини тилаймиз.
Дилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори, профессор.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.