Янги китоблар: "Яхшиям сен борсан", "Ватанни жонимдек асрагин"

Дилором Исмоилова асли самарқандлик, СамДУнинг ўзбек-тожик филологиясини тугатган. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшайди.
Ижодкорнинг “Юрагимда гул шивири”, “Райҳон исли кунлар”, “Соғиниб кетдим”, “Меҳрибоним, қайдасиз?” каби тўпламлари бор.
Дилором Исмоилова шоирлик ярим мусаввирликдир, дейди ва ўз туйғуларини, кечинмаларини сўз орқали ифодаласа-да, шеърларида табиат гўзалликларини нозик чизгилар асносида тасвирлайди. Поэтик тили ширин. Ўқиб, тўймайсан. Шоиранинг яқинда Тошкент шаҳридаги “Mashhur press” нашриётида чоп этилган "Яхшиям сен борсан" янги шеърий тўпламидаги битиклар мусиқаси китобхонларни ром этишига ишонамиз.
Йиллар ўтгани сайин инсон ўз она Ватанига маҳкам боғланиб, унинг қадрига етиб бораверади. Биз бунга шоиранинг яна бир китоби - "Ватанни жонимдек асрагин" китобидаги шеърларини ўқиб, яна бир карра гувоҳ бўламиз.
Дилором Исмоилова ушбу китобида ватан мавзусига алоҳида тўхталади. Тинчлик глобал масалага айланиб бораётган бир пайтда ижодкор Аллоҳдан ширин жонини қандай асраса, она Ватанини ҳам шундай асрашини сўрайди. Унинг самимий, меҳр ила ёзган шеърлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.