Яқин уч ойда ўзбек боксчиларини қандай жанглар кутмоқда?
Янги 2024 йилнинг дастлабки ҳафтаси ҳам ортда қолди.
Спортчилар учун Олимпиада йили номини олган йилда юртимиз профессионал боксчиларини муҳим жанглар кутиб турибди. Улар орасида чемпионлик жангларининг ҳам борлиги барчамизни бирдек хушнуд этмоқда.
Бугун юртимизда "Фавзул Мунаввар", Buka Boxing, LIFT Promotion сингари бир нечта промоутерлик компаниялари фаолият юритмоқда. Бу компаниялар Ўзбекистонда кўплаб бокс кечаларини ўтказиб келяпти. Табиийки, 2024 йилда ҳам бу анъана давом этади. Шунингдек, вилоятларда ҳам профессионал бокс турнирлари мунтазам равишда ўтказилмоқда. 2023 йилда Сирдарё, Навоий, Андижон каби вилоятларда ана шундай бокс оқшомлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, юқорида таъкидлаганимиздек, 2024 йилда ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги чемпионлик жангларига ҳам гувоҳ бўламиз. Отабек Холматов 2 март куни вакант бўлган WBA камари учун америкалик Раймон Фордга қарши рингга кўтарилади. Чемпионлик жангига АҚШнинг Нью-Йорк штати, Верона шаҳри мезбонлик қилади. Top Rank промоутерлик компанияси 317 500 доллар эвазига ушбу жангни ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Шаҳрам Ғиёсов 24 февраль куни АҚШнинг Орландо шаҳрида ташкил этиладиган проф бокс оқшомида рингга чиқади. Шу куни унга мексикалик Пабло Сезар Кано рақиблик қилади. Жанг ғолиби WBА камари учун расмий даъвогарга айланади.
Олимжон Назаров ва Абдурасул Исмоилов 13 январь куни Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида "Cocky Buffalo" промоутерлик компанияси томонидан ташкил этиладиган оқшомда навбатдаги жангларини ўтказишади. Ўта енгил вазн тоифасида WBO Oriental камари соҳиби Олимжон Назаров (28-5-0) хитойлик Вулан Туолехази (15-5-2) билан жанг қилади. Биринчи ярим ўрта вазн тоифасидаги Абдурасул Исмоилов (10-2-0)га эса яна бир Хитой вакили Вейвей Лиу (4-2-0) рақиблик қилади.
Шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев камарларини қайтариб олиш учун 2024 йилнинг биринчи чорагида рингга чиқади. Бектемир Мелиқўзиев ҳам жорий йилда чемпионлик камари учун жанг ўтказиши керак.