Ярим асрлик машаққатли ижоднинг эътирофи
Булунғур туманида “Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашик - Ватанмиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акцияси доирасида ташкил этилган тадбир булунғурлик ижодкор, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Холбой Қосимовнинг таваллудига 70 йил, ижодий фаолиятига 50 йил тўлиши муносабати билан ўтказилди. “Ижод, машаққат, масъулият ва эътироф”, деб номлаган мазкур адабий, маънавий-маърифий учрашув ижодкорнинг “Қадрият” китоби тақдимоти тадбирига уланиб кетди.
Ижодий учрашувда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев, Булунғур тумани ҳокими С.Астонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилояти бўлими раиси А.Ҳайдаров иштирок этиб, Х.Қосимовнинг сермазмун ижод йўли ва касбга доир қизиқарли воқеаларини эсга олди.
Холбой Қосимов ижод қилиш билан бирга Булунғур достончилик мактабининг асосчиси, бахши шоир Фозил Йўлдош ўғлининг 150 йиллик юбилейи олдидан Фозил Йўлдош номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уй-музейини янгидан барпо этиш, уни ноёб ва нодир экспонатлар билан бойитиш, ҳаёти ва ижодига оид турли хил тарихий қимматга эга бўлган ҳужжатларни, қўлёзмаларни, фотосуратларни тўплаш ишларида жонбозлик кўрсатди. Бундан ташқари, бахши шоирнинг ҳаёти ва ижоди, бой тарихий меросига бағишлаб ёзган 20 дан ортиқ мақолалари, очерклари туман, вилоят, республика матбуот нашрларида, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Тадбир якунида фахрий журналистга ташкилотчилар - Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилояти бўлими, Булунғур тумани ҳокимлиги, “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририятининг совғалари, иштирокчиларга эса Х.Қосимовнинг "Қадрият" китоби улашилди.
Учрашувда йил якунига қадар туман марказий хиёбонида "Ижодкорлар боғи" ташкил этилиши таклиф этилди. Шунингдек, туман кутубхонасига "Зарафшон" газетаси кутубхонаси" туркуми остида чоп этилган 50 нусха китоб топшириладиган бўлди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.