"Яшил" ҳудуддан "сариқ" ҳудудга ўтиш мумкинми?

- Республика комиссияси томонидан белгилаб берилган “яшил” тоифадаги вилоятдан “сариқ” тоифадаги вилоятга ўтиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай талаблари бор?

АОКА штабига келиб тушган саволга ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Гиясов қуйидагича жавоб берди:

- Республика махсус комиссиясининг тегишли баёни қарорига мувофиқ, вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар ўз кучидадир. Хусусан, доимий рўйхатдан ўтган ҳолда “қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимларига мазкур ҳудудга кириш ва чиқиш мумкин.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонлар томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат берилган.