Яхшилик мавжудлигига далилингиз борми?

Тўғриси, ўшанда ҳамкасбим бу фикрни айтганда қулоқларимга ишонмагандим. Наҳотки шундан бошқа йўли бўлмаса? Аммо сиртимда буни билдирмадим, ахир шундоғам бу қарорга келиши учун анча қийналган, минг ўйлаб, фарзанди ҳаёти учунгина “Одамлар нима дейди?“, деган минг бир андиша билан ўша “илтимос“ни оммабоп сайтлардан бирига жойлаштиришга рози бўлганди. “Фарзандимнинг соғлиғи оғир аҳволда, хорижда даволаниши учун фалон пулга муҳтожман“.  Бор-йўғи битта жумла. Аммо уни айтиш, гўё одамлардан садақа сўрашдек аҳволга тушишнинг ўзи бўлмайди.

Эълон берилишидан олдин ўша сайт ходимлари келиб, ҳақиқий вазиятни ўрганиб кетишди. Кимгадир ёрдам бериш учун ўз ёнидан пул сарфлаб, Тошкентдан Самарқандга келиб кетиш ҳам фидойилик, аслида. Бундай қадамдан сўнг ушбу эълон натижа беришига ишона бошладик. Аммо бу катта маблағ эди. Барибир кўнглимизда оз бўлса-да, ишончсизлик бор, ҳеч бўлмаса ярми чиқиб қолар, деган илинж йўқ эмасди. Орадан бир-икки кун ўтди, умидлантирувчи янгиликлар бор-у, аммо катта бир маблағнинг олдида улар арзимас эди. Орадан кунлар ўтди. Ҳамкасбимиздан бу ҳақда сўрашга ҳам истиҳола қила бошладик…

Бир куни ўзи ҳовлиқиб келиб қолди. “Ишонасизми… бир йигит ҳамшаҳримиз экан, Америкадан қўнғироқ қилди, керакли маблағнинг катта қисмини бераман, деяпти. Битта одамга оғирлик қилади-ку ахир, уни ололмайман“, “Танишингизни юборинг, озроқ пул бермоқчи эдим“, дея ўн миллион сўмга яқин маблағни бериб, дуо сўраб, аммо ўзини таништирмади ёш бир йигит…

“Фарзандингизнинг аҳволи яхшими, биз оиламиз билан унга озгина бўлса-да, пул жамғардик“, дея куюнчаклик билан қўнғироқ қилади бир аёл“.

Хуллас, ҳар куни шунга ўхшаш қўнғироқлар, саломатлигини сўраб дуо қилаётган ёшлар, онахонлар, тадбиркорлар…

Шу паллада яхшилик тушунчаси камёб бўлиб қолди, дея бонг урганларга қарши анчагина далиллар тўпладик. Яхшиликни улуғлаётган бундай далиллар одамийлик унутилиб кетяпти дея ҳар икки суҳбатда таъкидланаётган бир пайтда кишига қанот бағишлайди.

Аммо иш жараёнида кузатганимиз, суд қарорию туман ҳокимлари буйруқлари билан ҳам баъзи муаммоларнинг ҳал этилмаётгани киши таъбини хира қилади. Юқоридаги фикрларнинг кескин бурилиш олиб, бошқа мавзуга кўчаётганидан ҳайрон қолманг. Гап шундаки, ушбу мисолларнинг айримлари инсонлардаги одамийлик тушунчасига бепарволик оқибатидир.

У ёки бу қўшнисига яхшилик қилиб, маҳаллага ёрдам кўрсатиб, ҳамманинг гўёки “оғзини мойлаб қўйган“ бу тадбирли кишига ҳам ҳеч ким оғиз жуфтлаб қилаётган бу иши инсонийликка тўғри келмаслигини айтолмайди. Гўёки бадавлат кишининг нотўғри хатти-ҳаракати ҳақида гапириш уни ҳақоратлашдай!

Дейлик, Нуробод туманидаги бир маҳаллада олтита ўртаҳол яшовчи оила ўз уйига кўчадан яшринча ўтиб-қайтишига тўғри келса… Сабаби эса, ўша кўчада истиқомат қилувчи бадавлат хонадон эгаларининг истаги. Яъни, у кўча бошига ўзбошимчалик билан девор кўтариб, ён қўшниларига ноқулайлик туғдирмоқда. Ноқулайлик ҳам гапми, ўз уйига эмин-эркин кириб-чиқишига тўсиқ бўляпти. Ушбу оилаларнинг арз-додини эшитгувчи кўп, уларга хайрихоҳлар ҳам. Ҳатто ҳоким қарори чиқса-да, вазият ўзгармаётгани нимадан далолат беради? Кимдир бу одамнинг мушугини пишт дейдиган киши наҳотки туманда топилмаса, деб ҳайрон қолса, яна кимдир унинг кўчани обод қиламан, деган баландпарвоз гапларига ишонган. Аммо назаримда, бу инсон одамийлик тушунчасидан йироқлашиб кетган. Пули бор-у, аммо инсофи йўқ бу инсон учун қўни-қўшничилик қадриятлари бир пулга қиммат.

Ёки Пайариқ туманидаги ўзига тўқ бир хонадон оқова сувларини қўшнисиникига буриб қўйган, натижада қўли калтароқ бўлган ушбу оиладагилар ўз уйига кириш учун сувли кўлмакдан ҳатлаб, ёмғирли кунларда азият чекаётир. У ёки бу қўшнисига яхшилик қилиб, маҳаллага ёрдам кўрсатиб, ҳамманинг гўёки “оғзини мойлаб қўйган“ бу тадбирли кишига ҳам ҳеч ким оғиз жуфтлаб қилаётган бу иши инсонийликка тўғри келмаслигини айтолмайди. Гўёки бадавлат кишининг нотўғри хатти-ҳаракати ҳақида гапириш уни ҳақоратлашдай!

Энг қизиғи, озгина маблағ билан битадиган бундай ишлар, келишмовчиликлар узоқ йиллар давомида у ёки бу ташкилотлар томонидан ўрганилади, хулоса берилади, судлар қарор чиқаради. Аммо ҳеч ким ўша инсоннинг юрагига инсоф деган туйғуни жойлаштириб қўёлмайди…

Эҳтимол, баъзилар учун яхшилик фақатгина маҳалла фаоллари кам таъминланган оилалар учун сўраган озроқ ёрдам, яна кимгадир кўрсатилган ҳомийликдир. Эҳтимол, шу қилган амаллари билан гўёки ундан саховатлироқ одам йўқдай туюлар. Аммо ёнингдаги қўшнига зиён етказмай яшаш яхшиликнинг энг каттаси эмасми? Илк яхшиликни ҳам қўни-қўшнилар, қариндошдан бошлаш ҳам эзгулик-ку. Улар эса қайсидир бир қариндошининг машина олишига, бошқасининг тўйига қилган тўёнаси, яна бирининг аллақандай маъракаларига кетадиган маблағга ёрдам қилганини яхшилик санаб юраверади. “Одамларга яхшилик қилдим, барибир ҳеч қайсиси билмади!“, дея нолиб ҳам қўяди.

Дарвоқе, ҳамкасбимиз учун зарур бўлган маблағ ҳақиқатан ҳам йиғилди. Болакайни хорижда даволашди, аҳволи анча яхши. Ҳалиям ушбу сайт орқали юзлаб бемор болалар, турли ёшдаги кишиларнинг суратларини кузатар эканман, улар ҳам яхши, саховатли инсонларнинг кўмаги билан албатта, тузалиб кетади, деган ишончим бор. Фақат аҳён-аҳёнда бу саховатли инсонлар қўшнисига озор бермаяптимикан, яқинларидан юз ўгирмаганмикан, деган хаёлларга бораман.

Хўш, сиз-чи? Сизнинг ҳам яхшилик мавжудлигига далилингиз борми? Қачон, кимдан яхшилик кўрдингиз ёки кўрсатдингиз? Шу саволларга жавоб бериб кўрганмисиз?

Гулруҳ МЎМИНОВА.