"Яхшилик тухмини сочғилким, будур деҳқонга сўз..."

 Бепоён далаларда ғалла парвариши, ариқ-зовурларни тозалаш, кўчат экиш, гулларга бурканган боғ-роғларга ишлов бериш, токларни очиш, зараркунандаларга қарши кураш ишлари авжида. Тарихи тўрт ярим минг йилга бориб тақаладиган айёмда кун билан тун тенглашади. 
"Наврўз – Янги кун. Янги йилнинг бир куни йилни боқади", – дейди бободеҳқонларимиз. Бу бежизга айтилмаган. Ўша қулай кунларда оби-тобида ҳайдалган ерга тушган экин уруғи тез униб чиқади, ҳосили эртаги, мўл бўлади.
Наврўзнинг халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрни катта. Ўша куни ўтказиладиган сайил, миллий спорт ўйинлари, дошқозонларда сумалак, халиса, палов тайёрлаш, кўклам майсаларидан пичак, манти, сомса каби пишириқлар пишириш, аразлашган дўсту биродарлар, қариндош-уруғларнинг ўзаро ярашиб, адоватга чек қўйишлари, ёшу қари янги либосларда сайилга чиқишлари умрбоқий қадрият, анъанага айланган. 
Халқимиз бу йилги Наврўзни ўзгача шукуҳ, ғайрат-шижоат, ҳар лаҳзада асрга татигулик бунёдкорлик ишларига бел боғланган тарихий дамларда кутиб олмоқда. Юртбошимиз юритаётган ички ва ташқи сиёсат – тинчлик ва осойишталикни сақлаш, дунё ҳамжамияти билан дўстона иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳондаги ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар халқимизнинг эртанги кунга ишончини орттириб, улуғ ишларга руҳлантирмоқда. 
Бу шукуҳ Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни нишонлашда яққол намоён бўлмоқда.
Ўлкамизга хуш келибсан, Наврўз!
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.