Ёғоч импорти ҳажми камайтирилади
Ёғочсозлик саноати хомашё базасини мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори (84-сон, 19.02.2021 йил) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинди.
📉 Қарорга кўра, республикада ёғочсозлик соҳасининг хомашё базаси мустаҳкамланади, мебель саноатининг барча йўналишларини ривожлантириш орқали ёғоч импорти ҳажми камайтирилади.
🔘 Қарорга мувофиқ, 2021–2022 йилларда республика ҳудудларида:
● қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 3 173 гектар захирадаги ерларда;
● ўрмон фондининг жами 1 327 гектар тоғолди ва адир ерларида ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа мебелбоп дарахт турлари экилади.
🌳 Мазкур плантацияларни ташкил этиш учун жами 2 783,6 минг дона кўчат етиштириш назарда тутилган.
🧾 2021 йил 10 мартдан бошлаб мебель саноатида ёғоч хомашёси сифатида фойдаланиладиган павловния, ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа дарахтлар плантацияларини ташкил этувчиларга зарур кўчат экиш материаллари шартнома асосида етказиб берилади.