Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори камайтирилмоқда, “bluetooth”, қулоқчин ва салондаги монитор учун эса жарималар бекор қилинади

Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, 5 та модда санкцияси миқдори камайтирилмоқда. Бу масала Сенат йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган.

Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Унга кўра, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик ёки муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори камайтирилмоқда.

Сенаторлар томонидан қайд этилишича, киритилаётган ўзгартиришлар билан транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга “bluetooth”, қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралар фойдаланишга рухсат берилмоқда.

Транспорт воситаси салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарлик бекор қилинмоқда, шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаб ҳисоблаш жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда
- йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик,
- паспорт тизими қоидаларини бузганлик,
- фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори камайтирилмоқда.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"да назарда тутилган йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жавобгарликлар миқдори ҳозирги замон талаблари ва хавфлилик даражасига тўлиқ жавоб бермайди”, дейилади (https://senat.uz/uz/lists/view/3745) Сенат мажлиси ахборотида.