Йўл жамғарамаси учун 3 фоиз миқдоридаги йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланади
UzAuto Motors Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун Республика йўл жамғарамасига амалга ошириладиган 3 фоиз миқдоридаги йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши белгилангани ҳақида маълум қилди.
Мазкур ўзгариш ўз навбатида харидорлар учун қўшимча қулайлик сифатида хизмат қилади. Эндиликда харидорлар аввал Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3 фоиз тўловни автомобиль харид қилаётган чоғида автомобиль нархи билан бирга амалга ошириши лозим бўлади.
Жорий йилнинг 1 октябрига қадар дилерлик корхонаси билан олди-сотди шартномасини имзолаган, аммо ҳали автомобилини олмаган харидорлар билан қўшимча келишув имзоланади ҳамда харидор томонидан 3 фоиз тўлов автомобилни қабул қилиб олиш чоғида дилерлик корхонасига тўланиши керак бўлади. Шу билан харидорлардан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тўланадиган Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3 фоиз мажбурий йиғим олинмаслигини маълум қиламиз.
Айтиш жоизки, UzAuto Motors АЖ 1 октябрдан эътиборан ҚҚС тўловчисига айланади ва компания томонидан мазкур ҳолат харидорларга ортиқча сарф-харажат ва ноқулайлик келтириб чиқармаслиги учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилди ҳамда автомобиль нархлари Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган мазкур тўловни инобатга олмаганда ўзгаришсиз қолдирилди.
Компания шунингдек, автомобиль харидорларидан дилерлик корхоналари ходимлари томонидан нархлар ошиши борасида берилаётган бошқа маълумотларга ишонмасликни, барча расмий маълумотлар фақат компаниянинг расмий сайтида эълон қилиниши ҳамда автомобилларингиз шартномада белгиланган муддатларда тақдим этилишини маълум қилган.