Йўлда. (Бўлган воқеа)

Кундуз куни катта йўлда Қарши шаҳри томон кетяпмиз, чап тарафда тоғ этакларидаги қишлоқлар, ўнг тарафда боғ-роғлар, экинзорларга қараб баҳри-дилинг очилади.

- Ҳаёт бунчалар гўзал, –деди ҳамроҳим атрофга суқланиб боқар экан. - Яшаган сари яшагинг келади. Афсуски, одамзот умри чекланган. Аммо ҳар доим унинг қадрига етавермаймиз.

- Ҳа, тўғри, - дедим хаёлим бўлиниб.

Орқани кўрсатувчи кўзгудан чироқларини ўчириб-ёқиб, қатор машиналарни қувиб ўтиб келаётган енгил машина кўринди. Дарҳол тезликни пасайтириб, машинани ўнгга олдим. Ёнимиздан яп-янги "Нексия" қуюндек учиб ўтиб кетди. Тезлиги соатига 120-130 километрдан кам эмасди.

- Нима бало, ёв қувиб келяптимикан, - шеригим кайфияти бузилиб норози оҳангда тўнғиллади. - Ё, бирор нарсадан қуруқ қолишяптимикан...?

Йигирма дақиқалар ўтиб, Айритомга яқинлашиб қолдик. Йўл-патруль пости яқинида катта йўлда одамлар ўймалашиб турар, йўлдан пастда бизни қувиб ўтган "Нексия" тўрт ғилдираги осмонда ағдарилиб ётарди. Машинани тўхтатиб яқин бордик.

- Катта тезликда муюлиш борлигини билмай ағдарилиб кетибди, - деди тўпланиб турганлардан бири.

- Эссизгина йигитлар... - хўрсинди шеригим.

Қарши шаҳрига боргунча мен ҳам, шеригим ҳам миқ этмадик. Иккимиз ҳам ҳодисадан қаттиқ таъсирланиб хаёлга чўмган эдик.

Т.Мурод.