Ёлғон маълумотларни тарқатган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда “Жиззах вилоятида коронавирус касаллигига чалинган прокуратура ходими ва унинг оила аъзолари билан мулоқотда бўлган шифокор беморларни қабул қилишни давом эттираётганлиги сабабли тегишли чора кўриш кераклиги” ҳақидаги аудиоёзувлар тарқалган.
Аниқланишича, фуқаро А.Ж. карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалгани ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни интернет тармоғи орқали тарқатиш мақсадида, 2020 йил 7 апрель куни Жиззах вилояти бўйича тузилган штабга қўнғироқ қилиб, навбатчига “коронавирус касаллигига чалинган прокуратура ходими ва унинг оила аъзоларига тиббий ёрдам кўрсатган “Доктор А” хусусий шифохонаси шифокори ҳалигача ўз шифохонасида беморларни қабул қилаётганлиги сабабли тегишли чора кўриш кераклигини” билдирган.
Сўнг у вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказига кўнғироқ қилиб, навбатчиларга “Доктор А” хусусий шифохонаси шифокорини текшириб кўриш лозимлигини, акс ҳолда улар билан бўлиб ўтган суҳбат жараёни ёзиб олинган аудиоёзувни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборишини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 9 апрелда фуқаро Ж.А.га нисбатан ЖКнинг 244-5-моддаси (карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.