Йўлларда сунъий нотекислик қай тартибда ўрнатилади?
Бугун аҳоли гавжум жойларда, хусусан, мактаб, болалар боғчаси, ошхона ва масжидлар олдидаги йўлда транспорт ҳаракатининг тезлиги соатига 30 километрдан ошмаслиги белгиланган. Бу борада тегишли белгилар ҳам ўрнатилмоқда. Аммо ҳамма ҳайдовчи ҳам бу қоидага амал қилавермайди.
Қолаверса, йўллардаги тиғиз ҳаракат сабаб қайд қилинган жойларда бир томондан иккинчи томонга ўтишда пиёдалар, айниқса, болалар учун қийинчилик туғдиради.
Шу боис, мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида кўпгина таълим муассасалари ва бошқа аҳоли гавжум бўладиган жойларда транспорт ҳаракати тезлигини чеклаш мақсадида қўлбола бордюрлар ўрнатилмоқда.
Хўш, кўчадаги тезликни чекловчи тўсиқлар аслида қандай бўлиши керак? Уни ким ўрнатади? Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан ушбу масала жиддий ўрганилмоқда.
Депутат фикри: Йўл ўртасидаги бордюрлар замонавий бўлиши керак
- Доимий комиссиямизга келган мурожаатлар таҳлилига кўра, мактаб, болалар боғчаси, ошхона ва масжидлар олдидаги йўлда транспорт ҳаракати тезлигини чеклаш мақсадида светофор ўрнатиш бўйича таклиф, талаб ва аризалар кўпайган, - дейди комиссия раиси Ўктам Саидмуродов. - Ўрганишларимиз шуни кўрсатяптики, маҳалла ва гузар йўлларига ҳам светофор ўрнатиш транспорт ҳаракатига халақит беради. Чунки айрим жамоат жойларида куннинг муайян вақтидагина қатнов тиғиз бўлади, холос. Қолаверса, битта светофор 50-80 миллион сўм атрофида эканлигини ҳисобга олсак, бу ортиқча харажатга сабаб бўлиши мумкин.
Муаммонинг ечими сифатида вилоятимизда ҳам транспорт ҳаракатини тартибга солувчи халқаро, замонавий усулларни қўллаш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Яъни, юқорида айтилган жамоат жойлари олдидан ўтувчи йўлга махсус нотекислик қўйиш керак.
Бу борада вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасига депутатлик сўрови юбордик.
Мутахассис жавоби: Масала ҳудудий ҳокимликларнинг вазифаси
Депутатлик сўровига вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бош муҳандиси Р.Исаков имзоси билан келган жавобга кўра, масала ҳудудий ҳокимликлар томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этилиши керак.
Таҳририятдан: Депутат сўровига берилган жавоб хатида вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси битта сунъий нотекисликнинг лойиҳа-сметаси қанча сўм миқдорда ҳисоблангани ҳақида маълум қилмаган. Шунингдек, мутахассис бу борада жорий йил учун қанча маблағ ажратилгани ҳам очиқ қолдирилган. Табиийки, шу пайтгача қанча нотекислик ўрнатилгани ва йил охиригача қанча ўрнатилиши номаълум.
“Сунъий тўсиқлар аҳолининг хавфсизлиги ҳамда автотранспорт воситаларининг бир маромда ҳаракатланиши ва пиёдалар билан автотранспорт воситаларининг олдини олиш мақсадида ўрнатилади.
Автомобиль йўлининг қатнов қисми кенглиги бўйича 5-7 сантиметр баландликда бўладиган сунъий йўл қопламалари сунъий ёритиш чироқлари билан таъминланган жойларда ўрнатилиши белгиланган.
Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларида ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда ажратилган маблағлар асосида сунъий нотекисликлар ўрнатиш ишларини бошлаган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, хўжаликлараро автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари шаҳар, туман ҳокимликлари балансида ҳисобланади ҳамда уларни ривожлантириш ҳам маҳаллий ҳокимликлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бу иш тегишли ташкилотлар томонидан амалга оширилади”, дейилади жавоб хатида.
(жавоб хати илова қилинади)
PS: Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур масала ҳудудий ҳокимликлар вазифасига кириши ойдинлашгач, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳам бу борада ўзининг позициясини, аниқ режаларини билдиради, деган умиддамиз.