Ёнғинлар сони ортиб бормоқда – сабаблар ҳақида нималар маълум?

Хавфсизлик қоидаларига амал қилинмагани учун ярим йилда 1 миллиард сўмдан кўпроқ маъмурий жарималар қўлланилган.
Бундан ташқари, сўнгги 6 ойда вилоят бўйича 778 та корхона, бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатиб турибди.
Кўрилаётган шу каби чораларга қарамасдан олти ой давомида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ёнғинлар сони 7,9 фоиз ортган. Содир бўлган ёнғинларнинг объектлари бўйича таҳлилига кўра, энг кўп ёнғин аҳоли яшаш уйларида – 333 та қайд қилинган. Шунингдек, маъмурий жамоат жойларида 4 та, ишлаб чиқариш цехларида 5 та, транспорт воситаларида 26 та тилсиз ёв билан боғлиқ кўнгилсизликлар рўй берган.
Вилоят матбуот уйида ўтказилган навбатдаги анжуманда фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ҳамда аҳоли яшаш жойларида ёнғинларни, уларда фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатларининг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Жумладан, рўйхатга олинган 4268 та давлат тассаруфидаги объектларнинг 3581 тасида режали ҳамда 846 та тадбиркорлик субъектларга тегишли объектларда текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширув ўтказилди.
Шу билан бирга, тунги вақтда одамлар қоладиган объектларда 2497 марта тунги текширувлар ҳамда 2791 марта кундузги тезкор текширишлар амалга оширилган. Бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одам бўладиган тадбиркорлик субъектларига қарашли 338 та объектда профилактик тадбирлар ҳамда 709 та объектда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди.
Бундан ташқари, вилоятда мавжуд бўлган 771 минг 411 та якка тартибдаги уй-жойлардан 177 минг 85 тасини ва 2485 та кўп қаватли уйлардан 1398 тасини ҳамда улардаги 87 минг 833 та хонадондан 36 минг 955 тасини ёнғинга қарши ҳолати текширилган.
- Текширувлар давомида корхона ва муассасалар раҳбарларига 110 минг 962 та банддан иборат давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмалари тақдим этилди, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилмурод Санақулов. - Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилиш ва бу борада фуқароларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида 1 миллиондан кўпроқ фуқарони қамраб олган суҳбатлар ўтказилган, йўриқномалар тарқатилган.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган 2732 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга 1 миллиард 120 миллион 501 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилган. Шундан, 457 миллион 796 минг сўм миқдорда жарималар ундирилиб, қолган қисми Маъмурий судларга ва Мажбурий ижро бюросига юборилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик фақат маъмурий чора билан чекланмайди. Жумладан, зудлик билан бартараф этиш лозим бўлган ҳолатлар аниқланганда 10 кун муддатгача объект фаолиятини тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Қайд этилишича, ўтган олти ойда зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 778 та корхона, бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Бундан ташқари, 7890 та электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланган.
Вилоятда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммо, камчиликлар юзасидан вилоят, шаҳар (туман) ҳокимликларига 283 та ва юқори ташкилотларга 847 та ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилган.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан киритилган 2649 та мурожаат кўриб чиқилиб, белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва муаллифларга жавоб хатлари юборилган.