ЙПХ ходимлари билан жанжаллашган 4 нафар шахсга жиноий иш қўзғатилди

ЙҲХББ матбуот хизматининг хабар беришича, 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси соат 04:00 ларда, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Муқимий кўчасида "Матиз" русумли автомобиль ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган. Чилонзор тумани Қатортол кўчасида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобиль бетон тўсиқ устига чиқиб тўхтаган.

Автомашинада бўлган 4 нафар фуқаро ҳодиса жойига етиб келган ИИББ ЙПХ ва ППХ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатган.

Фуқаролардан бир нафари ушланиб, туман ИИБга олиб келинган ва қолган 3 нафар фуқаро ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳозирда барча фуқаролар шахсига аниқлик киритилиб, ҳодиса юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.