ЮНЕСКО бош директори Самарқанд ва Бухоро маданий мероси ҳақида мақола эълон қилди
ЮНЕСКОнинг асосий нашрларидан бири, учта тилда чоп этилган (инглиз, француз ва хитой) «Курьер» журналидаги бир нечта мақолаларда Ўзбекистон билан боғлиқ кўҳна шаҳар ва буюк алломалар номлари келтириб ўтилган. ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ўзининг муаллифлик мақоласида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини «Ипак йўлида жойлашган йирик савдо ва маданият марказлари» сифатида эътироф этган.
Манчестер университети профессори, тарихчи Эдмунд Босфорс қаламига мансуб мақолада Ўзбекистон тарихий шаҳарлари ва шахслари номлари ўрин олган. Муаллиф Самарқанд ва Бухорони «орзулар шаҳри», буюк аждодларимиз Амир Темур ва Акбаршоҳни «тарихни яратган шахслар», Ибн Сино ва Мирзо Улуғбекни «дунё қарашларини ўзгартирган мутафаккирлар» сафида санаб ўтган. Журналда, шунингдек Ўзбекистон маданий меросини намоён этадиган суратлар ҳам чоп этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони ЮНЕСКО Бош қароргоҳи ташқи деворлари бўйлаб намойиш этилган фотокўргазмада ҳам иштирок этди. Ушбу кўргазмадан мамлакатимизнинг бой ва турфа маданияти ҳамда аньаналари, тарихий меросимизни тараннум этадиган қатор ёрқин суратлар жой олди, дея хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги.