“Юқори нуқта” ЙПХ постида 30 мингга яқин қалбаки долларнинг  муомалага киритилишининг олди олинди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ва вилоят ДХХ ходимлари ҳамкорлигида қалбаки купюраларни муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида Булунғур туманида жойлашган “Юқори нуқта” ЙПХ постида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбирда “Самарқанд-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган фуқаро Х.Б. бошқарувидаги “ISUZU” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб текширилди.

Фуқаро Х.Б. холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ёнидан айрим купюраларнинг серия рақами бир хил бўлган 29 минг 900 АҚШ доллари чиқади. Ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.