10 минг сўмлик пулларни ясаб, уни мева бозорида ўтказмоқчи бўлган самарқандлик йигит ушланди
Самарқанд шаҳрида бир уйни ижарага олиб, ўзига тегишли бўлган рангли принтерда 10 минг сўмлик купюраларни сохталаштирган йигитнинг хуфия ишлари ошкор бўлди.
У ҳаракатлари давомида ижарага олган хонадонида жами 250 дона сохта 10 минг сўмликни рангли принтерида ишлаб чиқаради ва бу пулларни билинтирмай ўтказиш йўлларини излайди. Бу пулларни муомалага киритиш учун тунги пайтда ишловчи ва одам гавжум маскан - мол бозор ёки мева бозорини танлайди.
Гўёки, йигитча бу иши учун узоқроқ манзилни танласа, айбини ҳеч ким сезмайдигандек, Бухорога боради ва 27 апрель куни "Бухоро мева-сабзавот бозори"дан кўп миқдорда помидор сотиб олади. Табиийки, сотувчига ўзи сохталаштирган 2 миллион 430 минг сўм пулларни билинтирмай ўтказиб юборади.
Сотувчи мурожаатига кўра, ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Бухоро шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тезкор гуруҳ тузилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Натижада ушбу фақаронинг хонадонидан шу куннинг ўзида ашёвий далил сифатида пулларни сохталаштиришда ишлатилган рангли принтер ва бошқа керакли ускуналар расмийлаштирилган.
Фуқарога Жиноят кодексининг 176-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.