Юридик техникуми қизларига тадбиркорлик кўникмалари керакми?
Албатта, керак. Инсон турли шароитларга, вазиятларга тушиб қолиши мумкин. Қолаверса, қайсидир бир касбни танласа-да, аммо келгусида турли йўналишда тадбиркорлик қилиш имкони пайдо бўлиши мумкин. Ахир машҳур тадбиркорларнинг барчаси турли соҳа кишиларидир.
Самарқанд шаҳридаги юридик техникумида «Тадбиркор аёллар» уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган учрашувда шу фикрлар алоҳида таъкидланди.
- Бу йил уюшма ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан жойларда турли учрашувлар, кўргазмалар, семинарлар ташкил этилмоқда, - дейди «Тадбиркор аёллар» уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. – Шу йиллар давомида юзлаб хотин-қизлар айнан уюшма кўмагида ўз тадбиркорлигини бошлаб, бугун йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Уларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, тўғри йўналтириш каби жараёнлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
-Тадбиркорликни бошлаганимда бундай катта кредитлар ёки йирик маблағим йўқ эди, - дейди «Кумуш тола» корхонаси раҳбари Марям Ниёзова. – Аммо иштиёқ ва мақсадларим катта эди. Йиллар ўтиб мақсадимнинг барчасига эришиб келаётирман. Тадбиркор учун муҳими қўрқмаслик ва аниқ режа ҳамда мақсад билан иш кўриш. Тўғри, таваккал қилиш ҳам керак. Лекин бозорни ўрганмай таваккал қилиб бўлмайди, шароитни ўрганмай пул тикиб бўлмайди. Пухта режанг бўлса, ҳаммасини амалга ошириш мумкин. Тўғри, қийналган пайтларим, ойлаб даромадсиз қолган кунларимиз бўлган. Аммо «э, бўлди, йиғиштираман», деб ташлаб кетмаганман. Ҳозирда 150 кишини иш билан таъминлаганман.
Техникумда таҳсил олаётган қизларнинг кўпчилиги учрашувдан сўнг тадбиркорлик қилиш имкониятлари ҳақида сўраб-суриштира бошлашди. Демак, улар орасида бўлғуси тадбиркорлар бор.
Муниса Шамсиева.