“Зафар” ресторанида пандуслар йўқми?
Қашқадарёлик Б.Сафарова оила аъзолари билан Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган “Зафар” ресторанида тушлик қиларкан, бу ернинг нарх-навоси унинг ҳисоб-китобларига тўғри келмаганидан ранжиди. Хизматчиларнинг эътиборсизлиги, ноқулай ўринга ўтириб қолгани (иссиқни қайтариш мақсадида вақти-вақти билан юқоридан сув сепиб турилиши) дард устига чипқон бўлди. I гуруҳ ногирони бўлган қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишонч телефонига мурожаат қилиб, мазкур ресторанда ногиронлар учун махсус йўлакча – пандуслар йўқлиги, озиқ-овқатлар нархи қимматлиги, ресторан ҳудудидаги фавворалар ва мусиқа пуллик эканлиги ҳамда ногиронлар учун чегирмалар йўқлигидан норозилигини билдирган.
Мазкур мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмаси мутасаддилари томонидан “Зафар” МЧЖ директори Ф.Қодиров ҳамда истеъмолчи ҳамкорлигида ўрганилди.
Ф.Қодировнинг сўзларига кўра, ресторанда кундуз кунлари мусиқа қўйилмайди, фавворалар ва махсус салқинлатиш мосламаси учун мижозлардан тўлов талаб этилмайди. Шунингдек, маҳсулот ва хизматлар бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган.
Ресторанга кириш қисмидаги ноқулайлик бартараф этилиб, ногиронлар учун махсус йўлакча – пандус ўрнатиладиган бўлди.
P/S: Айни кунда “Зафар” ресторанининг кириш қисмида пандус қуриб битказилганининг гувоҳи бўлдик.
Гулчеҳра Бердиёрова.