Замонавий дунёда яшовчи тош даври одамлари қандай ҳаёт кечирмоқда?
Бугунги рақамли технологиялар, турли-туман гаджетлар, тезкор интернет ривожланган бир даврда ер юзида бу қулайликлардан бутунлай бебаҳра қолган одамлар ҳам борлиги ажабланарли. Улар учун вақт бутунлай тўхтаб қолган, чунки улар ташқи дунё билан умуман алоқа қилмайди, яшаш тарзи эса минг йиллар давомида ўзгармай қолганига ишониш қийин.
Ер юзининг инсон қадами тегмаган шундай жойлари борки, у ерларда ҳануз тош давридаги яшаш тарзини сақлаб қолган қабилалар яшайди. Улар аждодлари сингари палма дарахтининг мевалари ва илдизларини истеъмол қилиб, ёввойи ҳайвонларни овлаб кун кўришади. Мазкур қабила вакиллари шовқинли шаҳарлардаги бетон уйларга қараганда ўзларининг чангалзорларини маъқул кўришади.
Меҳмонларни ўқ-ёй билан кутиб олиш одати
Ҳиндистон ва Таиланд давлатлари ўртасида жойлашган Шимолий Сентинель оролини эгаллаб олган қабила вакиллари ўз ҳудудларига қадам ранжида қилганларни ўқ-ёй билан кутиб олишади. Бор-йўғи 300 кишидан иборат сентинел қабиласи билан ҳеч қанақасига келишиб, мунозара қилиб бўлмайди.
Қадимги одамлар ҳақида фильм суратга олишни хоҳлаган «Нэйшнл Географик» студияси вакиллари билан бўлган учрашув тинчлик билан тугамади. Шундай бўлса-да, киночилар қирғоққа турли-туман совға-саломлар, шунингдек, қабила аъзоларида таассурот қолдирган қизил рангли пақирларни ҳам қабул қилишмади. Шунингдек, улар учун қолдирилган чучқаларни ўлдириб, ейишни ҳам ўйламай океанга отиб юборишди.
Энг қизиғи, улар табиий офат келишини олдиндан билишади. Талофатга учрамаслик учун шторм яқинлашиши билан чангалзорлар оралаб тоғлар ичкарисига кўтарилиб кетишади. Ҳатто улар 2004 йилда Ҳиндистонда бўлган даҳшатли цунамидан ҳам омон қолишган эди.
Қўш хотинлик одатий ҳол
Масаи - Африка қитъасининг энг жанговор қабилалардан бири. Уларнинг таъкидлашича, осмон худоси уларга бир умр чорвачилик билан шуғулланишларини истаган ва ер юзидаги барча чорва моллари фақат уларники бўлиши керак. Шу сабаб улар бошқа қабилаларга тегишли бўлган мол ва қўйларни ўғирлаб кетишади. Яхшилик билан беришмаса ҳужум қилиб босиб олишади. Қулоқлари ва пастки лабларига думалоқ сопол идишлар ўрнатилган масаиларни таниш қийин эмас.
Ўзларининг жанговор руҳини сақлаб қолиш учун улар шерни найза билан ўлдирган масаини ҳақиқий эркак сифатида кўришади. Қабила вакиллари ўз вақтида европалик колонизаторларга, мустамлакачиларга, шунингдек, бошқа қабила жангчиларини ҳам қувиб юбориб Серенгети водийси ва Нгоронгоро вулқони атрофидаги улкан ҳудудларни назорат қилишади. Бироқ 20-асрда қабила вакиллари камайиб бормоқда. Бу эса уларнинг мавқеига путур етказган.
Илгари қабила вакилларининг бир нечта хотинга уйланиши фахр ҳисобланган. Энди бўлса, эркаклар сонининг камайиб кетганлиги туфайли бу ҳолат мажбуриятга айланмоқда. Эркаклар қўшни қабилага босқин уюштирган вақтда 3-4 ёшли болалар ҳам мол боқишади, аёллар эса рўзғор ишлари билан банд бўлишади.
Одамхўр қабилалар
Каннибал қабилалар босқинлар давомида қўлга олган қурбонлари ҳисобига кун кўришини яхши биласиз. Айниқса, корубо қабиласи вакиллари ўзларининг ўта ёввойилиги билан алоҳида ажралиб туради. Қабила эркаклари асосан ов қилиш, мева ва илдиз териш билан шуғулланишади. Қўл билан заҳарли илонларни ушлаш ва заҳарли найзалар тайёрлашда уларга тенг келадигани йўқ. Шунингдек, уларнинг тошдан ясалган болталари бир сирмашда ҳар қандай нарсани чўрт кесадиган даражада ўткир бўлади.
Ўзаро тинимсиз уруш олиб бораётган одамхўр қабилалар ҳар доим ҳам ўз қурбонларини истеъмол қилишавермайди. Улар фақат Ўлим худосига аталган байрами кунларигина бундай «зиёфат»дан ўзларини тия олишмайди. Никобар ва Андаман қабилалари аёллари қўшни ҳудудларга бўлган босқин омадли бўлмаса, ҳатто ўз фарзандларини, ҳатто қабила қарияларни ҳам сихга тортишдан тап тортишмайди.
Пирахалар санашни билишмайдими?
Бразилия чангалзорларида 200 кишидан иборат Пираха қабиласи умргузаронлик қилади. Улар ер сайёрасидаги энг ибтидоий қабилалардан бўлиб, уларда ҳатто рақамлар ҳам йўқ. Жангалзорлардаги бошқа қабилалар орасида ўзига хос ўринга эга бўлган пирахаларда ернинг яратилиши ва худолар ҳақидаги тушунчалар ҳам йўқ. Улар ўз бошларидан ўтказмаган, кўрмаган нарсалар ҳақида гапиришларини, шунингдек, тилига ўзгаришлар киритишни тақиқлаб қўйишган. Улар тилида ҳатто гулларнинг ранглари, об-ҳаво кўрсаткичлари, ҳайвон ва ўсимликларнинг белгилари ҳам йўқ. Улар шох-шаббалардан қилинган чайлаларда яшаб, замонавий цивилизацияга тааллуқли ҳеч қандай маҳсулотни қабул қилишмайди.
Пирахалар у қадар қобилиятли ва ақлан ривожланган бўлмаса-да, сайёҳлар уларни тез-тез чангалзорда йўл кўрсатувчи сифатида ёллашади.
Дарахт тепасидаги қишлоқ
Папуа-Янги Гвинея ўрмонларида, икки тоғ оралиғида яшайдиган энг шафқатсиз қабилалардан бири караваиларнинг борлиги инсониятга ўтган асрнинг 90-йилларида маълум бўлди. Тош аср одамлари ҳисобланган мазкур қабила аҳли дарахт тепасида жойлашган ўнлаб чайлаларда истиқомат қилади.
Тошлардан болта, ҳайвон суякларидан пичоқлар ясашга уста бўлган караваиларнинг қулоқ ва бурунларида каттагина тешиклар бор. Қабила ёввойи чўчқаларни ушлаб олишгач, истеъмол қилмасдан балки, йиллар давомида улардан понилар ўрнига улов сифатида фойдаланишади. Чўчқаларнинг ёши ўтиб, ишга ярамай қолгач, сўйиб ейишлари мумкин.
Қабиланинг барча аъзолари жанговор ҳолатда юришади. Улар ҳафталаб чангалзорда яшаб, чувалчанг истеъмол қилиб жон сақлашади. Шунингдек, бир йилда бир марта барча аёллар эркин бўлади. Улар ўзлари хоҳлаган эркак билан бир сутка давомида бирга яшашлари мумкин. Қолган вақтлар ўз оиласига содиқ қолишар экан.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.