Замонавий сеялканинг оддийсидан фарқи нимада?

Шу кунларда далаларга 2021 йил ҳосили учун ғалла экиш учун ер тайёрлаш, сифатли уруғ экиш ишларига қизғин тайёргарлик ишлари бошланди. Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан кластер корхоналари, фермер хўжаликлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида ғалла экиш ишлари юзасидан мониторинг ва амалий семинарлар ўтказилмоқда. 

2021 йил ҳосили учун вилоятимизда 138 минг 830 гектарга “Гром”, ”Алесеич”, ”Краснодар-99”, ”Первина”, ”Безостая-100”, ”Аср”, ”Давр”, ”Яксарт” сингари серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган ғалла навлари экилади.

- 94 минг 230 гектар сувли ҳамда 44 минг 600 гектар лалми майдонда бошоқли дон экинларини ўз вақтида ва сифатли экишни таъминлаш мақсадида инспекция органлари томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилди, - дейди агроинспекциянинг вилоят бошқармаси бўлим катта инспектори Санжар Қурбонов. - 2021 йил ҳосили учун вилоятдаги 109 та сеялка мавсумга шай ҳолга келтирилиб, унинг 67 тасида бошоқли дон экилмоқда. Хусусан, Каттақўрғон туманидаги 218 фермер хўжалиги 18 та замонавий, юқори унумли сеялкалар билан 8 минг 926 гектар майдонга  бошоқли дон экинлари экмоқда.

Чунки замонавий сеялкалар билан экилганда ҳар гектарга 250 килограмм ўрнига 160-180 килограмм уруғ сарфланади. Бундай сеялкаларда уруғ иқтисод қилиниши эвазига харажатлар сезиларли камаяди.

Шунингдек, замонавий сеялкалар бир вақтнинг ўзида жўяк олиш, ўғитлаш ва экиш вазифаларини ҳам бажаради. Бундай усулда уруғ ерга бир хил чуқурликда тушади ва бир текис униб чиқади.

Жорий йилда вилоятимизда уруғни барвақт сепиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш эвазига ҳосилдорликни гектар бошига 10-15 центнерга кўтариш мўлжалланмоқда.

Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.