"Зарафшон" газетаси билан 23 мингинчи учрашув

Бундай дейишимизга сабаб бор, албатта. Бугун сизу биз вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида муҳим воқеанинг шоҳиди бўлиб турибмиз. Қўлингиздаги газета "Зарафшон"нинг 23 мингинчи сони. Демак, азиз муштарийлар билан 23 мингинчи учрашув бу. 

Шунча воқеалар, тақдирлар, қутлуғ йўллар, унутилмас лаҳзалар, муқаддас хотиралар…
Бугун биз яна бир бор "Зарафшон" газетаси босиб ўтган шонли йўлга назар ташлашни ихтиёр этдик. Такрор ва такрор айтишимизнинг боиси газета ўтмиши, бугуни билан муштарийларни таништириб бориш бўлмай, миллий матбуотимиз шаклланишида ўз ўрнига эга бўлган отахон нашрни ёшларимиз онги шуурига оз бўлса-да, маърифат учқунини солиш деб ўйладик.
Ўзбекистоннинг бой кечмиши билан ҳамоҳанг бўлиб келаётган "Зарафшон"нинг бу қутлуғ санаси миллий матбуотимиз тарихи, ривожи билан чамбарчас боғлиқлигини назарда тутсак, газета ўта мураккаб йўлни босиб ўтганлиги, унда меҳнат қилган маърифатпарвар инсонлар бутун умрини одамларга зиё улашишдек ўта савобли ишга бағишлаганлигининг гувоҳи бўламиз.
Ўзбек матбуоти ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган газетанинг илк сони Самарқанд жадидларининг тўнғич газетаси сифатида "Самарқанд" номи билан 1913 йил 15 апрелда Маҳмудхўжа Беҳбудий масъул муҳаррирлигида чиқа бошлайди. Ҳафтада икки марта икки бетлик бўлиб чиққан ушбу газетанинг шаклланишида маърифатпарвар инсонлар – Саид Ризо Ализода, Ҳожи Муин, Фитрат, Рожий, Сиддиқий-Ажзий, Нурмуҳаммад Бек ўғли, Камий фаол қатнашганлар.

Бугунги "Зарафшон" газетасининг тамал тоши шу тарзда қўйилган эди. Яъни, шўро ҳукумати томонидан белгиланганидек, газетанинг илк сони чиққан сана "1917 йил апрель" эмас, балки "1913 йил апрель" ойи ҳисобланади. Бу санани Туркистонда, хусусан, Самарқандда ўзбек тилидаги вақтли матбуотнинг пайдо бўлиши ҳам деб қабул қилиш мумкин.
1917 йилдан кейин чиққан "Ҳуррият" газетаси "Самарқанд"нинг бевосита давоми ва меросхўри эди. 

Газета нима учун "Ҳуррият" деб аталган? Бундай ном олиш ўша давр нуқтаи назари билан қараганда бежиз эмасди. Яқиндагина оқ подшо ағдарилган, Россиянинг барча мустамлакаларида ҳуррият эълон қилинган кунлар эди. Шубҳасиз, самарқандлик зиёлилар ҳам ана шу ҳурриятга катта ишонч ва умид билан қараганлар. Шу боис рўзноманинг дастлабки сонлари ана шу руҳ, ана шу шукуҳ, шу интилиш билан  суғорилган.
1918 йил 11 июндан эътиборан "Ҳуррият" газетаси "Камбағаллар товуши" номи билан чиқа бошлади. Орадан икки йил ўтгач, 14 октябрда "Камбағаллар товуши"ни "Меҳнаткашлар товуши" давом эттирди.
1922 йилнинг май ойига келиб, газета "Зарафшон" номи билан чиқа бошлади. Газета ўша пайтда халқ хўжалигини тиклаш даврида жуда катта оммавий тушунтириш ишларини амалга оширади. Унинг ташкилотчиларидан бири ўози Юнус эди. У газета учун Тошкентдан бир неча пуд ҳарф, 15 пуд қоғоз ҳамда икки нафар ҳарф терувчи олиб келган. Газетанинг биринчи сони 1922 йилнинг 22 октябрида катта форматда 1,5 минг нусхада чоп этилади.

1924 йилга келиб, газета жиддий моддий қийинчиликларга учраган. Бироқ газетхонлар ўзларининг севимли нашрини яна тиклаб олишда қўлларидан келган ёрдамларини аямайдилар. Бир йил ўтгач, газета 3,5 минг нусхада, ҳафтада икки марта эмас, уч марта чоп этиладиган бўлади. 1928 йилнинг ноябрида республика "Қизил Ўзбекистон" газетаси редакцияси Самарқандга кўчирилганлиги муносабати билан "Зарафшон" газетасини ёпишга тўғри келади.

1930 йил ноябрдан бошлаб яна "Зарафшон" ўз мухлислари қўлига етиб борадиган бўлди. Кейинчалик "Ленин йўли" деб ўзгартирилган газета 1931 йилдан эътиборан кундалик нашрга  айланди.
А-3 форматда чиқариб келинаётган газета 1956 йилнинг 1 августидан эътиборан ҳозирги ҳажмда босила бошланади.
Газетанинг кейинги фаолияти ҳам давр руҳи билан суғорилган бўлиб, жамиятнинг оташин тарғиботчисига айланганлиги эътирофга лойиқдир. Бироз мозийга қараб иш кўрадиган бўлсак, ҳар бир кун тарихнинг зарварағи бўлиб қолганлигини кўриш мумкин. 

Шулардан айримлари – 1941, 1943-1944 йилларда атоқли сиёсат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов газетага муҳаррирлик қилган. 
1964 йилда "Ленин йўли" газетасининг ўн мингинчи сони чиққан.
1967 йил 31 октябрда "Ленин йўли" ва "Ленинский путь" газеталари биринчи сони чиққан кунга 50 йил тўлиши муносабати билан собиқ СССР Олий Совети Президиумининг фармонига мувофиқ "Ҳурмат белгиси" орденлари билан тақдирланган. 1967 йилнинг 20 ноябрида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ўша пайтдаги биринчи котиби Шароф Рашидов Самарқанд опера ва балет театри биносида газеталар байроқларига "Ҳурмат белгиси" орденини қадаб қўйган. 

1976 йилда "Ленин йўли" газетаси саноат мавзусини ёритиш бўйича собиқ иттифоқ танловида ғолиб чиқиб, СССР Журналистлар иттифоқи ҳамда "Журналист" журналининг дипломи ва пул мукофотига сазовор бўлади. Газета 1976 йилда 60 минг нусхада чоп этилган. 
Газета 1991 йилдан бошлаб яна "Зарафшон" номини олди. Яна қанча танловлар ғолиблиги-ю, мукофотлар – булар газета ижодий ходимларининг ҳам масъулиятли, ҳам машаққатли меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Яна фактларга мурожаат қиламиз. 2009 йил 29 декабрда "Зарафшон" яна катта форматда, 2010 йил 10 июндан эса рангли ҳолда босила бошлади. "Зарафшон" мактабида етишиб чиққан 7 киши "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвонига сазовор бўлди. 2013 йилда газетанинг юз йиллиги нишонланди.
"Самарқанд", "Ҳуррият", "Зарафшон" газеталари, "Оина", "Машраб", "Шарқ" журналлари тахламларини варақлар эканмиз, муаллифларнинг долзарб мавзуларга жасорат билан ёндашганини кўрамиз. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саид Ризо Ализода, Ҳожи Муин, Мирза Қўқандий имзоси билан чиққан мақолаларда журъат, таҳлил, маърифатга чорлов бўртиб туради. Ўтган аср бошида шаклланган бу анъаналар Самарқанд журналистика мактабининг асоси бўлиб қолди. Шу мактаб руҳияти таъсирида аср мобайнида журналистларнинг янги авлодлари етишиб чиқди. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон матбуотининг таниқли намояндалари бўлиб етишди.

Бугун таҳририятга журналистиканинг замонавий тизими кириб келди. Газета таҳририятнинг ўзида саҳифаланмоқда. Ҳар бир ижодий ходим муайян, аниқ йўналишда ишлашга ихтисослашган. 
Газетанинг интернетдаги веб-сайди zarnevs.uz жорий йилда мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтди. Айни пайтда мазкур сайт он-лайн кўринишида ишлаяпти. Шунингдек, бугун бир қатор оммавий ижтимоий тармоқларда ҳам "Зарафшон" саҳифалари мавжуд.
Айтиш мумкинки, Самарқанд журналистика мактаби ҳозиржавоблик ва бадиий маҳоратда доимо эътироф этиб келинади. Бунда устозларнинг ёш журналистларга ғамхўрлиги, талабчанлиги, мавзу топишдаги усталиги ходимлар учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилаётир.

Вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари газетани ўқишли, ҳаммабоп чиқаришга ёрдам бераётир. Таҳририят қошида "Журналистик маҳорат мактаби" фаолият кўрсатмоқда. Музей ишлаб турибди. Қайта таъмирланиб, замонавий жиҳозланган таҳририят биносида эркин ижод қилиш учун барча шарт-шароит   яратилган.
Газета давр билан ҳамқадам дедик. Бу газета ижодкорларининг асл матлаби, муддаоси. Вилоятимизда, қолаверса, республикамизда кейинги йилларда юз бераётган мисли кўрилмаган ўзгариш ва эврилишлар иқтидорли журналист Фармон Тошев раҳбарлигидаги жамоани янада руҳлантирмоқда. Кўпроқ халқ ичида бўлиш, улар билан мулоқот қилиш, воқеа-ҳодисаларни оммага етказишда тезкорликни қўлдан бермаслик таҳририят ходимларининг мақсадига айланган. Шу маънода газетада янги-янги рукнлар очилмоқда, долзарб мавзуларда мақолалар чоп этилмоқда. Хуллас, давр шиддати "Зарафшон" ижодкорларига ўзгача ғайрат, шижоат, илҳом бағишлаб, фаол ижод қилишга ундамоқда. 

Адҳам ҲАЙИТОВ,
Акрам ҲАЙДАРОВ,
"Зарафшон" мухбирлари.