“Зарафшон” мактабида 55 йил

Ўтган асрнинг 60-йиллари... Чамаси, 8-9 ёшларда бўлсам керак, бошланғич синфда ўқирдим. Ҳаётини газета ва радиосиз тасаввур қилолмайдиган раҳматлик отам Абдуҳошим Самиев республика, вилоят газеталари ва радиоэшиттиришлар таҳририятининг энг фаол “штатсиз мухбир”ларидан бири сифатида эътироф этилганди. Отам баъзи кунлари мени ҳам эргаштириб, таҳририятга олиб борарди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 45-ўрта мактаб ёнида (вилоят маданият бошқармаси ва бир қатор идоралар айни кунда фаолият юритаётган бинолар ўрнида) катта ҳовли бор эди. Бу ҳовлида “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси ходимларидан Аҳад Турсунов, Нормурод Нарзуллаев, Оқилжон Ҳусанов ва бошқалар оилалари билан истиқомат қилишарди. Вилоят газеталарининг таниқли қалам соҳиблари Отахон Хўжаев, Амир Гайнов, Бобоқул Имомов ва бошқалар ўша йиллари бизнинг ҳовлимизда ҳам меҳмон бўлишар, ёзган ва ёзаётган асарлари-ю мақолаларини ўзаро муҳокама қилишар ва баҳслашар эдилар. Бу гурунглар асосан матбуотга, адабиётга тааллуқли бўларди.

Менда мухбирликка ҳавас устоз журналистларнинг ўша йиллардаги қизғин гурунглари боис уйғонгандир, балки.

…Почтачи Салим тоға уйимизга ҳар куни 5-6 номдаги газета-журналларни ташлаб кетарди. Биринчи синфдалигимдаёқ газета ўқирдим. Еттинчи синфдалигимда эса мактабимизнинг ҳафталик “Қалампир” ҳажвий-деворий газетасига адабиёт фани ўқитувчимиз, раҳматлик журналист Аҳрор Жўраев (кейинчалик “Ленин йўли” газетаси бўлим мудири) топшириғи билан “редактор” бўлдим.

1963-64 йилларда вилоят “Ленин йўли” газетаси қошида очилган ҳаваскор мухбирлар ўқувларига ҳам қатнаб турардим. 1965 йилдан эса “Ленин йўли” ва “Ленинский путь” газеталарида илк хабар, қатра хандаларим ёритила бошланди.

Ҳа, мен дастлаб вилоятимизнинг бош нашрлари бешигида, хусусан, “Зарафшон” газетаси мактабида тобланганлигим билан мудом фахрланаман.

...Меҳнат фаолиятимни Каттақўрғон шаҳри ва тумани газетаси “Зарафшон” (ҳозирги “Каттақўрғон тонги”), “Каттақўрғон ҳақиқати” газеталарида – мусаҳҳиҳ ёрдамчиси вазифасидан бошлагандим. Зеро, ўша йиллари Каттақўрғонда Тоҳир Каримов, Латиф Эргашев, Файзулло Нуруллаев, Яздон Худойқулов, Мели Қобулов, Раҳимжон Сатторов, Муқим Элмуродов, Марди Нуриддинов, Самариддин Сирожиддинов каби забардаст журналистлар қалам тебратишар, уларнинг аксарияти республика марказий газеталари ва радио эшиттиришлар таҳририятларининг махсус мухбирлари сифатида ҳам эътибор топишганди.

Саҳнага, санъатга ҳам ихлосим баланд эди. Шу боис, “Катта артистлар чиғириғи”дан ўтказилиб, Каттақўрғон шаҳар драма театрига ишга олишди.

Йиллар ўтиб бир қатор театрларда актёр, режиссёр, адабий эмакдош, бадиий раҳбар, директор вазифаларида хизмат қилдим. Аммо бирор ой, бирор кун ҳам жамоатчи мухбирлик фаолиятимни тўхтатганим йўқ, десам янглишмайман. Эллик беш йилдирки хабар, мақола, лавҳа, ҳикоя, ҳажвия, мушоҳада ҳамда театр спектаклларига тақризларим “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Ўзбекистон овози”, “Правда востока”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент оқшоми”, “Ишонч”, “Каттақўрғон тонги” газеталари, “Гулистон”, “Саодат”, “Муштум”, “Театр”, “Кино” журналларида ёритилмоқда, радиода бериб борилмоқда.

Ҳаётимда изтиробли дамлар ҳам бўлган. Ўша кезларда ҳам мухбирлик менга ҳамроҳ, ҳамдам эди. Газетада имзомни кўриб қолсам, барча ташвишларимни унутиб юборардим. Бу борада мен, аввало, “Зарафшон” газетаси жамоасидан чексиз миннатдорман. Ҳаётимизнинг ҳар куни ютуқларга бой. Ҳар қанча мақтаб ёзсанг ҳам арзийди. Лекин ютуқ бор жойда камчилик бўлмайди деёлмаймиз. Биз, жамоатчи мухбирлар биринчи навбатда ана шу камчиликларни ошкор қилишимиз ва уларни тузатишга ёрдам беришимиз лозим. Менинг танқидий мақолаларим республика матбуотида кўп эълон қилинди. Барчаси текширилиб, тўғри деб топилди. Лекин бу танқидлар айрим “катта”ларга ёқмаган ҳоллар ҳам бўлди.

1970-71 йилларда “Ўзбекистон маданияти”, “Ленин йўли” газетаси ва “Муштум” журналларида Каттақўрғон бозорини ободонлаштиришдаги эътиборсизлик ҳақида “Тоғамнинг дўкончаси қани?”, Каттақўрғон шаҳрида ўрнатилган автомат телефонларнинг қуруқ “савлат”, “соқов”лиги ҳақида танқидий хабарларим ва шаҳар кинотеатрларидаги тартибсизликлар ҳақида “Ҳуштакбозлик” сарлавҳали фельетоним босилди.

Мени шаҳар партия комитетининг танқидни хуш кўрмайдиган собиқ раҳбарлари чақириб: «Шуни ёзиш олдидан бизга келиб мурожаат қилсангиз бўлмайдими», дейишди, тазйиқ ўтказишди. Хуллас, бундай “танбеҳ”ларни кўп эшитганман.

Келгусида ҳам юртдошларимизнинг қувонч ва ташвишлари ҳақида лавҳа, мақолалар ёзиш, радиоэшиттиришлар тайёрлашни дилга тугиб қўйганман.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.