Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси:
- Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони эълон қилинганига бир ойча вақт ўтди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш юзасидан жойларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида ачинарли ҳолатларга гувоҳ бўляпмиз. Яъни, ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлар депутатлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг аксарияти ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган вазифаларни билмайди.
Ахир депутат ўз ҳудудларида халқнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш, улар учун замонавий, қулай ва арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмани модернизация қилиш, таълим муассасалари фаолиятини жонлантириш борасидаги ислоҳотлардан бехабар бўлса, у қандай қилиб одамларнинг, сайловчиларининг ишончини қозонади? Бундай вазиятда Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси ҳамда шу асосда ишлаб чиқилган йил дастури бажарилишини сўрашнинг ўзи ноўрин эмасми?
Шунинг учун ҳам дастурларда белгиланган истиқболдаги вазифалар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида тарғибот-тақдимот семинарлари ўтказилмоқда.