Зеленский Россия билан музокаралар ўтказиш шартларини маълум қилди
Politico мадиа-ташкилоти манбасининг даъво қилишича, Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан музокаралар бўйича ўз позициясини ўзгартирган бўлиши мумкин.
Зеленский 7 ноябрь кунги видеомурожаатида Россия билан музокаралар учун бешта шартни айтиб ўтди. “Яна бир бор: ҳудудий яхлитликни тиклаш, БМТ Низомини ҳурмат қилиш, уруш натижасида етказилган барча йўқотишлар учун товон тўлаш, ҳар бир ҳарбий жиноятчини жазолаш ва бу бошқа такрорланмаслигига кафолат”, — деди Украина президенти.
Бу сафар Зеленский Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш мумкин эмаслиги ҳақидаги аввалги даъвосини тилга олмади. Октябрь ойида Зеленский Россия билан музокаралар бошқа Президент келганда бўлиши мумкинлигини айтганди.
Нашрнинг қайд этишича, АҚШ расмийлари Зеленский ёки унинг ёрдамчиларига Украина ўз позициясини ўзгартириши кераклигини айтмаган, бироқ улар Киев урушни тинч йўл билан тугатишга тайёрлигини намойиш этиши кераклигини билдирган.
Украина расмийлари бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган.
Аввалроқ айрим манбаларда Россия расмийлари Украина билан тўлиқ тинчлик ўрнатиш ҳақида эмас, балки сукунат пайтида 2023 йилнинг февраль-март ойларидаги янги ҳужумга тайёргарлик кўриш учун вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олиш истаги ҳақида айтилган эди.
Россия Херсон ва Мариупол яқинида бир неча қатламли мудофаа қурмоқда. Украина шарқида Бахмут учун шиддатли жанглар давом этмоқда.
Россия кучлари сўнгги бир неча кун ичида Херсон вилоятида мудофаа тайёргарликларини давом эттирди. Урушни ўрганиш институтининг сўнгги баҳосига кўра, рус қўшинлари Херсон йўналишида босиб олинган чизиқларни ушлаб туришга уринмоқда.
Россия ва Украина манбаларининг даъво қилишича, рус қўшинлари Днепрнинг ғарбий қирғоғидан тинч аҳоли эвакуацияси операциясини амалга оширмоқда, бу Украинанинг олға силжишидан хавотирни англатади.