Зиёлининг талаби билан “Байдаков” “Жўйисой бекати”га алмаштирилди

Жорий йилнинг 4 март куни Zarnews.uz телеграм каналида “Байдаковни танимаймиз” сарлавҳаси билан мурожаат эълон қилинган эди. 

Унда Самарқанд тумани, Жўйисой маҳалласи зиёлилари номидан меҳнат фахрийси Ортиқ Пардаев томонидан маҳалла аҳолисини Самарқанд шаҳрига элтувчи 32-йўналишдаги автобуслар пешлавҳасида қишлоқ бекатини “Байдаков бекати” деб ёзиб олишгани, бекатнинг номини Жўйисойга алмаштириш бўйича талабларига эътибор қаратилмаётгани танқид қилинган.

Мурожаат юзасидан вилоят транспорт бошқармасида тезкор йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда автобуслар “трафарет”ларида кўрсатилган бекатларнинг номи ҳали-ҳануз аҳоли учун тушунарсиз номлар билан аталаётганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

- Замон талабларидан келиб чиқиб, автобус “трафарет”ларини электрон шаклга ўтказиш, ундаги жой номларини аниқ фактлардан келиб чиқиб ёзиш масалалари устувор вазифалардан биридир, - деди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи И.Хамроев. - Бундан ташқари, турли ўлчамдаги қоғозларга саводсизларча, жой номларини ўзбек тили қоидаларига тўғри келмайдиган тартибда ёзишга қарши кескин чоралар кўриш вақти келди. Чунки Давлат тилига ҳурматсизлик миллатга ҳурматсизлик саналади.

Самарқанд туманидаги Жўйисой маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси О.Пардаевнинг мурожаати мутасаддилар томонидан жойида ўрганилди. Мурожаатда кўрсатилган маҳалла номини нотўғри қўллаш ҳолати ўз исботини топди. “SAMARQAND HAMKOR TRANS” МЧЖга қарашли 32-йўналишда қатновчи автобусларнинг “трафарет”лари “Дўстлик маҳалласи - Жўйисой маҳалласи” деб ўзгартирилди.

Шунингдек, ушбу мурожаат орқали барча йўналишларда қатнайдиган автобусларнинг “трафаретлари”даги жой номларини танқидий, таҳлилий ўрганиш ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни жойида бартараф қилиш юзасидан соҳага алоқадор мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.