Каттақўрғонлик йигит сувга чўкаётган 3 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди

Қиш ўз ҳукмини ўтказаётган шу кунларда, кундуз соат икки яримларда (Каттақўрғон тумани) Жумабой маҳалласи Жумабой кишлоғида яшовчи 7 ёшли Қиличбек укаси, 3 ёшли Нишонбек билан ўйнаб келиш мақсадида уйидан 750 метрча узоқликдан оқиб ўтадиган зах ариқ - зовур ёнига боради.

Зовур қирғоғи қировнинг эриши туфайли сирпанчиқ бўлгани боис Қиличбекнинг укаси Нишонбек зовурда оқаётган оқава сувга тушиб кетади ва сувда оқа бошлайди.

Нишонбекнинг сувга тушиб кетганидан қўрққан акаси нима қилишини билмай уйи томон югуради. Шу кетишда зовурдан тахминан 500 метрча узоклиқда юмуш билан юрган Жумабой маҳалласи, Паст қишлоғида яшовчи Жўрабек Зиёдовга дуч келади. Жўрабек Қиличбекнинг гапларидан ҳолатни тезда тушуниб, болани қутқариш учун зовур томонга югуради. Зовур ёқалаб бир чақиримдан ортиқ югуриб бораётиб, сув устида қимирламай оқиб кетаётган болани кўради ва уст-боши билан ўзини сувга ташлаб, болани сувдан олиб чиқади. Лекин, бола ҳушсиз ва нафас олмаётганди.

Жўрабек боланинг нафас олиши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилади. Нишонбекнинг тилини тортади, сунъий ҳаво беради, боланинг кўкрак қисмини кетма-кет босиб, оёғини осмонга кўтаради. Шу йўл билан уни ҳаётга қайтаришга ҳаракат қилади. Кўрсатилган ушбу ёрдамдан сўнг бола бир сесканиб, чуқур нафас олади ва ҳаётга қайтади.

Жўрабек боланинг ҳўл бўлган уст-бошларини ечиб, уни ўзининг тўнига ўрайди, болани кўтарганча қишлоқ томон юради. Ёрдамга бошқа кишилар ҳам етиб келишади, тез ёрдам чақирилади.

Жўрабек болани қўлидан қўймай, тиббий тез ёрдам машинасида шифохонага ҳам боради. Шифокорларнинг тегишли муолажаларидан кейин Нишонбек ўзига келади ва унинг юзига кулгу югурганини кўргандан кейингина Жўрабек уст-боши жиққа намлигини, ўзи ҳам совуқ қотаётганини сезади...

Ҳозирда Нишонбекнинг соғлиғи жойида. Жўрабек Зиёдов эса ўз юмушлари билан банд.

Жўрабекнинг бу одамийлиги ва қаҳрамонлигидан болакайнинг ота-онаси, қолаверса, барча Жумабой маҳалласида истиқомат қилаётган ёшу қари бирдек миннатдор.

Фарҳод ҚАРШИЕВ,

Жумабой маҳалласи раиси.