Каттақўрғонлик йигит ташландиқ ерни ижарага олиб боғ ва иссиқхона яратди
Сиз тасвирда кўриб турган бу боғ ўрни бундан 2-3 йил илгари қаровсиз, ташландиқ ер бўлган. Бу ерни Каттақўрғон шаҳрида яшовчи ёш йигит Анвар Бекмуродов узоқ муддатга ижарага олиб, деҳқончилик билан шуғулланишга қарор қилди.
- Ҳарбий қисмга қарашли ташландиқ ерда боғ яратишга ҳаракат қиляпман, - дейди у. - Бу ернинг бир қисмида имтиёзли кредит эвазига 4 та иссиқхона барпо этдим ва помидор, лимон, булғор қалампири каби маҳсулотлар етиштиряпман. Қишда иссиқхона ҳароратини меъёрида сақлаб туриш учун ақлли қозонхоналар ўрнатдик. Айни пайтда помидорлар пишиб етилди. Аҳолига арзон нархларда етказиб беряпмиз.
2 сотихлик иссиқхонада биргина помидор ҳосилининг ўзидан 15 миллион сўм даромад топса бўлар экан.
Бу ернинг умумий майдони 80 сотих бўлиб, 60 сотих жойида боғ яратилган.
- Боғда минг туп олма кўчатлари ўтқазилиб, парваришланяпти, - дейди А.Бекмуродов. – Кўчатлар катта бўлгунга қадар ораларида қулупнай, дуккакли экинлар ва бошқа маҳсулотлар етиштириб оляпмиз. Бу дарахтлар ҳам келгуси йил ҳосилга киради. Айни пайтда бу ерда 4 киши доимий иш билан банд.
Анвар Бекмуродов келгусида балиқчилик ва паррандачилик билан ҳам шуғулланишни мақсад қилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ.