Ишончли вакил қўшработлик сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан  номзод Ш.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти бўйича ишончли вакили Рустам Холмуродов Қўшработ тумани Заркент маҳалласида сайловчилар билан учрашди.

 Тадбирда ишончли вакил сўзга чиқиб, номзоднинг сиёсий фаолияти ҳақида гапирди. Ўтган 5 йилда мамлакатимизда амалга оширилган ишлари борасида тўхталди. Хусусан, юртимизда Шавкат Мирзиёев томонидан таълим, саноат, иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, номзоднинг кейинги 5 йилликка мўлжалланган дастурида аввало, инсон омили, инсон қадрини улуғлаш энг муҳим вазифа қилиб белгиланганлигини алоҳида эътироф этди.

- Номзоднинг Самарқанд вилоятини кейинги 5 йилликда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга мўлжалланган дастурда, Нуробод, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида 400 Мегаваттли қуёш электр станциялари ва кичик ГЭСлар ишга туширилиши, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари давом эттирилиши, 5 йилда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан 84 фоизга, оқова сув тизими 12 фоиздан 35 фоизга етказилиши, 8 минг километрдан зиёд автомобиль йўли ва ички кўчалар, 270 та кўприкни қуриш-таъмирлаш учун  4 триллион сўм йўналтирилиши ҳамда келгуси йилдан Каттақўрғон, Иштихон, Пайариқ ва Қўшработ туманларидаги 105 та маҳалладаги 400 минг аҳоли учун жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилиши, энг аввало, ҳалқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш каби ғоялар бош мақсад қилинган, - деди Р.Холмуродов.

Тадбирда сўзга чиққанлар  мамлакатимизда ўтган 5 йилда ҳаётида туб бурилиш ясаган ислоҳатлар ҳақида ўртоқлашди. Жумладан, Заркент маҳалласида яшовчи тадбиркор Тожиҳол Тоғаева яратилган шарт-шароитлар боис, бугунги кунда туманда энг илғор тадбиркорлардан бирига айлангани, фермер хўжалигига раислик қилиш боробарида 100 ўринга мўлжалланган хусусий боғча ташкил этгани, натижада 40 кишини иш билан таъминлаганини таъкидлади ва Ш.Мирзиёевнинг номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Тадбирда сўз чиққанлар O’zLiDePдан кўрсатилган номзоднинг дастури Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига хизмат қилишини эътироф этар экан, келажак учун Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.

O’zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот хизмати.