Қани эди, ўзимиз тарбиялаган, бугун хорижда ишлаётган кадрларимиз университетга, қучоғимизга қайтса...
Республикамизнинг нуфузли нашрларидан бири бўлган “Халқ сўзи” газетасида Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов билан “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон...” сарлавҳаси билан чоп этилган суҳбатни ўқиб, университет профессор-ўқитувчилари қалбида узоқ йиллардан буён “ухлаётган” ғурур, ифтихор қайтадан уйғонгандай бўлди. Муҳими, марҳум устоз, академик Ботирхон Валихўжаев томонидан Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек ташкил этган мадрасаи олиянинг давомчиси эканлигини тарихий исботлангани, бу академик учун армон бўлганлиги ва бу армоннинг ушалгани гувоҳи бўлдик.
Ботирхон Валихўжаевнинг бундан 10-15 йиллар аввалги ташаббусидан университет олимлари хабардор. Масаланинг юқори манзилларга ҳам етиб боргани матбуот орқали бўлмаса-да, эшитилган. Лекин кейинчалик воқеаларнинг тескари кетганлиги ҳаммамизда қандайдир ташвишлар уйғота бошлади. Негадир собиқ иттифоқ тузуми томонидан ташкил этилган САГУ (Среднеазиатский государственный университет) ўрнида пайдо бўлган ТашГУга Миллий университет статуси берилди ва кўп ўтмай буюк шоиримиз Алишер Навоий номи университетимиздан олиниб, номсиз қолдик.
Мен юқорида қайд қилинган суҳбатда келтирилган бир фактга эътибор қаратишни истардим: “...Соҳибқирон Амир Темур 1387 йили журжонлик машҳур олим Мир Саййид Шарифни Самарқандга олиб келган ва пойтахтдаги ўзи қурдирган “Дор уш шифо” мадрасасида дарс беришга тайинлаган”.
Мирзо Улуғбекка устозлик қилган туркиялик Қозизода Румий ҳам Амир Темур қўшинига қўшилиб, Самарқандга, Улуғбек мадрасасига келиб қолган. Ташқаридан етук мутахассис олимларни ишга таклиф қилиш деярли барча давлатларда одат бўлган. Худди шундай одат 1950 йилларда Самарқанд университетида ҳам мавжуд эди.
Мен университетга 1955 йили ўқишга кирган бўлсам, физика факультетининг деярлик барча кафедраларида Россиядан ишга таклиф қилинган олимлар фаолият кўрсатарди. Уларга университет ва шаҳар раҳбарлари катта эътибор беришар, турар жойлар билан таьминларди. Ўша вақтда университетнинг физика факультети Ўзбекистон Фанлар академияси қошида физика соҳасидаги барча илмий тадқиқот институтларини кадрлар билан таъминлаган. Республикада физика фанининг ривожланишида ушбу факультетда тайёрланган мутахассисларнинг ўрни беқиёс бўлганини бугун ҳеч ким инкор этмаса керак. Бора-бора миллий кадрларимиз вояга етди ва аста-секин хориж кадрлари университетни тарк этди. Лекин мустақиллик йиллари мактаб таълим тизимидаги ўзгаришлар бирор ижобий натижа бермаганлиги сабабли ўрта таълимда ҳам, олий таълим тизимида ҳам инқирозларни юзага келтирди.
Бугунга келиб мамлакатимизда янги ислоҳотлар даври бошланди. Давлат раҳбари бошчилигида юртимизда халқ хўжалигининг барча соҳаларида йўл қўйилган хатоликларга барҳам бериш, илм-фан ривожини янги босқичларга кўтариш, халқ фаровонлигини юксалтириш, СамДУни асримизнинг 30-йилларгача дунёнинг энг нуфузли 500 университети қаторига қўшиш вазифалари қўйилди.
Қувонганим, олийгоҳимизга яна хорижнинг малакали мутахассисларини ишга таклиф қилиш ҳаракати бошланди. Ҳозирги кунда бир қанча чет эл олимлари университетимизнинг турли факультетларида талабаларга жаҳон андазалари асосида таълим бермоқда.
Физик олим сифатида айтишим мумкинки, хорижлик мутахассисларни факультетимизга ҳам таклиф қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, факультетимизнинг бир нечта собиқ битирувчилари бугун дунёнинг ривожланган давлатларидаги нуфузли олийгоҳларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жумладан, Фаррух Фаттоев АҚШнинг Манҳэттен университети профессори, Жамшид Темиров Флорида университети профессори, Ҳасан Шодиев Канада университети профессори, Шавкат Низомов, Лазиз Тўрақулов Европа мамлакатлари университетларида ишламоқда.
Қани эди, ўзимиз тарбиялаб вояга етказган ана шу кадрлар университетга таклиф қилинса, қучоғимизга қайтса, муассасамизнинг тамаддун дарёси бундан ҳам шиддатлироқ оқармиди?!
Ортиқ ПАРДАЕВ,
СамДУ ядро физикаси кафедраси профессори.