Мутолаа: Бронь қилинган ўриндиқ. 

Илья Ильф, Евгений Петров

Бу ҳикоя Посиделкин ҳаётидаги аччиқ далиллар тўғрисида.

Аслида муаммо Посиделкиннинг соддалиги сабабли эмас, аксинча жуда фаросатли бўлганлигидан келиб чиқди.

Умуман олганда, баъзи бир халқлар ва шахслар тарихида бўлиб ўтган воқеа содир бўлди – ақллилик балоси. Гап темир йўл орқали бўладиган сафар ҳақида кетяпти.

Посиделкин саъй-ҳаракатларининг асосий мақсади шундан иборат эди: 13 сентябрь куни Москвадан чиқиб, икки кундан кейин Ейскдаги Азов денгизи яқинида жойлашган шифобахш масканга етиб бориш. Ҳаммаси яхши эди: йўлланма, таътил, оилавий ишлар. Лекин темир йўллари... Кетишига икки ой қолган, лекин чиптадан дарак йўқ.

“Бу билан жиддий шуғулланиш пайти келди, - қарор қилди Посиделкин. – Шаҳар станциясига бориб ўтирмайман. Вокзалга ҳам бормайман. У ерга бориш шарт ҳам эмас, чипта ололмайсан. Айтишларича, у ердаги кассада энди чипта эмас, балки сафро кукуни ва ўйин қарталарини сотишади. Йўқ, йўқ, чиптани бошқа йўл билан олиш керак”.

Ана шу “бошқа йўл” уни икки ой овора қилди.

- Агар сиз мени яхши кўрсангиз, - дерди Посиделкин ҳар бир танишига, - менга Ейскка чипта олинг. Қаттиқ ўриндиққа. Ётиб кетиш учун.

- Туриб кетиш учун-чи?  – калта жавоб беришарди дўстлари.

- Ҳазилингизни қўйинг, - хафа бўларди Посиделкин, - ахир соғлиғимни тиклаш учун Ейскка боришим лозим, сиз эса... Тағин эсингиздан чиқмасин, ўн учинчи сентябрга. Қўлидан ҳар қанақа иш келадиган дўстингиз бордир: ҳа ёки йўқ! Шунчаки ваъда берманг – дафтарингизга ёзиб қўйинг агар мени яхши кўрсангиз.

Бу ҳаракатларнинг барчаси уни тинчлантирмасди, бошқача айтганда, тўлиқ кафолат бермасди. Посиделкин рақиблардан қўрқарди. Ўтиб кетаётганларнинг барчаси унга бўлажак поезд йўловчилари бўлиб туюларди. Дарҳақиқат, ўткинчи кишиларнинг деярли барчаси гўё темир йўл чипталари учун турган навбатидан атиги бир дақиқага четга чиққандек, ён-атрофига асабий қараб қўярди.

“Яхши эмас, – ўйларди Посиделкин, “янада қатъиятли ҳаракат қилишимиз керак. Тизим керак, тизим...”

Бутун оқшом Посиделкин режа тузиш билан шуғулланди. Агар ҳозир уни қўлга олишса, Посиделкин шубҳасиз темир йўл кўпригининг портлаши ёки очиқ кооперативларда катта миқдордаги пулларни ўғирлик қилишни тайёрлаш билан шуғулланадиган йирик махфий ташкилот раҳбари бўлганлигига қарор қилишган бўлар эди.

Қоғозда доиралар, квадратчалар, нуқта чизиқлар, ҳарфлар, рақамлар ва фамилиялар ёзилган эди. Схемага кўра, камида юзлаб одамларнинг ҳаётини кузатиш мумкин эди: улар ким, қаерда яшайди, қаерда ишлайди, қанақа феъл-атворга эга, ким билан дўст ёки кимни ёқтирмасликларигача тасвирланган эди. Бундан ташқари, ҳужжатда жуда ғалати тавсифлар мавжуд эди:

 «Брунелевский. Албатта қила олади».

«Никифоров. Қила олади, лекин қилиши даргумон».

«Мальцев-Пальцев. Истайди, лекин қодир эмас».

«Бумагин. Истамайди ва қилмайди».

«Кошковладельцев. Қила олади, лекин у ярамас».

Буларнинг барчаси биттагина – ётиб кетиш ўриндиғига эришиш  учун қилинарди.

“Биттасимас биттаси олади, - умид қиларди Посиделкин, - асосийси, уларга бир дақиқа ҳам дам бермаслик. Ахир уларнинг ҳаммаси сотқин ва хоинлар. Фақат ваъда беришади, кейин эса ҳеч нарса қилишмайди”.

Кетиш куни яқинлашган сари Посиделкиннинг фаолияти ҳам жиддийлашиб бораверарди. У шаҳарнинг тинчлигига таҳдид солишни бошлаган эди. Одамлар ундан яширина бошлади. Аммо у уларни тинимсиз таъқиб қилар эди. Саноқсиз қўнғироқлари билан телефон станцияларини юклаб қўйди.

- Ўртоқ Мальцевни мумкинми? Ҳа Пальцевни, ҳа, ҳа, Мальцев-Пальцевни. Ким сўраяпти? Леля деб айтинг. Ўртоқ Мальцев? Салом, ўртоқ Пальцев. Йўқ, бу Леля эмас. Бу мен, Посиделкин. Ўртоқ Мальцев, сиз менга ваъда бергансиз. Ҳа, Ейскка, ётиб борадиган ўриндиққа. Қанақасига вақтингиз йўқ? Бўлмаса мен сизни таксида олиб кетаман. Керак эмас? Сиз мени алдамайсизми? Майли, маъзур тутинг.

Ўзига керакли одам билан гаплашган Посиделкин хавфни менсимасдан, автомобиллар қатнови зич жойлашган йўлга отилди. Автомобиль кескин тормоз берди, ҳайдовчиларнинг ранг оқариб кетди...

- Демак унутмайсиз, - уқтирарди Посиделкин кўча ўртасида туриб, - Ейскка, ётиб бориш учун. Битта қаттиқ жой.

Кўча қоидаларини бузгани учун милиция ҳудудига олиб борилганида, йўлда милиционердан унга чипта олиб бериши учун кафолат олишга муваффақ бўлди.

- Сиз – милиция, ҳамма нарсани қила оласиз, - деди у маъюслик билан.

Милиционернинг фамилияси даҳшатли схемадаги тегишли доирада “Қила олади, лекин беқарор” тавсифи билан киритилди.

Кетишидан бир ҳафта олдин умуман нотаниш бир фуқаро келиб, унга Ейскка чиптани топшириб кетди. Бахтининг чегараси йўқ. Посиделкин уни қучоқлаб ўпди, лекин юзини эслолмади (у шунча кўп одамдан чипта сўраган эдики, барчасини эслашнинг иложи йўқ эди).

Худди шу куни мотоциклда Мальцев-Пальцевдан курьер келиб, Ейскка чипта олиб келди. Посиделкин миннатдорчилик билдирди, лекин хижолат билан унга чипта пулини берди.

Схема яхши натижа берди. Чиптанинг биттасини вокзалда сотишга тўғри келади, қарор қилди у.

Кетишидан бир кун олдин Посиделкин ўттиз саккизта чипта эгаси эди (ётиб борадиган, қаттиқ ўриндиққа). Барча таътил пуллари чипталарни тўлаш учун сарфланди.

Қандай разолат! Ҳеч ким хоин ёки сотқин бўлиб чиқмади.

Чипталар келишда давом этарди. Посиделкин яширинарди, лекин уни излаб топишарди. Чипталар сони қирқ тўрттага етди.

Поезд кетишига бир соат қолганда Посиделкин вокзал айвонида туриб, тиланчининг журъатсиз овози билан ўтиб кетувчиларга ёлворарди:

- Ейскка чипта сотиб олинг! Шифобахш маскан – Ейск! Пушаймон бўлмайсиз!

Аммо харидорлар йўқ эди. Вокзалда чипта сотиб олиш иложи йўқлигини ва танишлари орқали ҳаракат қилиш кераклигини ҳамма яхши биларди. Дўстлари Брунелевский, Бумагия ва Кошковладельцев хизмат машиналарида келишди. Улар ҳам ўзи ваъда қилган чипталарни олиб келишди.

Посиделкин вагонда ёлғиз Ейскка қараб жўнади.

Энг муҳими, Посиделкин аҳмоқ бўлгани учун бу муаммо юз бермади. Аксинча, у жуда фаросатли эди. Шунчаки унинг нуфузли танишлари бор эди. Бироқ кассалардан чипта сотиб олишдек ажойиб қоида негадир унутилган эди.

Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.