Чўлланиш - глобал муаммо. Уни қандай бартараф этиш мумкин?

Орол ва оролбўйи ҳудудларида чўлланишнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Иқлим ўзгариши шароитида ўрта Осиёда чўлланиш жараёни қандай кечади?

Чўлланишнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари қандай?

Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган “Чўлланиш муаммолари: динамика, баҳолаш, ечим” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда шу каби саволларга жавоб изланмоқда. Икки кунга мўлжалланган конференция ишида Франция, Россия, Ҳиндистон, Непал, Украина каби 10 га яқин давлатдан хорижлик олимлар ва халқаро экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этишмоқда.

- Бугунги конференцияда Орол муаммоси бўйича маърузам билан иштирок этдим, - дейди Қорақалпоқ давлат университети профессори Махсут Ибрагимов. – Орол фожеасига барчамиз гувоҳ бўлдик. Лекин кейинги уч йил ичида қуриган денгиз ўрнида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Орол ҳудудида инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил қилишни таклиф қилди. Чунки Оролни қайтадан сув билан тўлдириш анча мушкул иш. Шунинг учун бу ерни чўл ўсимликлари билан тўлдириш, яшил иқтисодиётни ривожлантиришни билдирди. Ҳозирда қуриган денгиз ўрнида чўл ўсимликлари ва тўқайзорлар барпо этилмоқда. Бу ишларни амалга ошириш учун БМТ томонидан траст фонди ташкил этилди. Қолаверса, Нукус шаҳрида Президент ҳузурида оролбўйи минтақасининг экологик инновациялар маркази очилди.

Мен ҳам Оролнинг тубида бўлаётган биологик, геологик, агрохимик ва агрофизик ўзгаришларни чуқур ўрганиб, кейинги 10-15 йиллардан кейин нималар бўлишини аниқлаш, Орол денгизининг қуриган қисмида мақбул жойни танлаб, саксовул ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғ ва кўчатларини шу ернинг ўзида тайёрлаш бўйича таклифларимни билдирдим. Бу анча кам харажат талаб этади. Оролнинг қуриган тубида 30 йилдан буён экинлар экилмоқда. Ўтган йили 488 минг гектарга, 1 миллион 336 минг гектар майдонга уруғ экилди. Шундан 270 минг гектар майдон яйловга яроқли ҳисобланади. Бу майдондан унумли фойдаланиш учун йирик қоракўлчилик, эчкичилик, туячилик йўналишларида тажриба фермер хўжаликлари ташкил этиш лозим.

Конференцияда хорижлик мутахассислар ҳам минтақадаги экологик вазиятни юмшатиш, чўлланиш оқибатида келиб чиқадиган хавфни бартараф этиш мавзуларида маърузалар қилди. Конференция эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ, 

А.ХАРИТОНОВ (фото).