Ҳафталик иштирокчилари “Боқий шаҳар” билан танишди

Самарқандда бошланган халқаро зиёрат туризми ҳафталиги доирасида белгиланган “Замонавий ислом меъморчилиги” кўргазмаси кўҳна кентнинг янги ташриф қоғозига айланаётган Самарқанд халқаро туристик маркази “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб ўтди.

Унда юртимизда ислом меъморчилиги йўналишида фаолият юритаётган ҳунарманд ва хаттотлар ўз ишларини намойиш қилди.

Ҳафталик иштирокчилари “Мовароуннаҳрда адабий маданият” мавзусида ташкил этилган ислом амалий санъати фестивал-ярмаркасида қатнашиш асносида “Боқий шаҳар” мажмуаси, бу ерда фаолият юритаётган ҳунармандлар, бозор фаолияти билан яқиндан таниши имкониятига эга бўлди.

- Зиёрат туризми Ўзбекистон учун ҳам, мусулмон олами вакиллари учун ҳам муҳим ва зарур деб ўйлайман, - дейди Персил Ислом университети бошқарув раиси Моҳд Асри Зайнул Абидин. – Бу юртга саёҳатга келган исломий давлатлар вакиллари нафақат зиёрат қилади, балки бу юртда етишиб чиққан улуғ алломалар, илм-маърифат, дин, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган буюк зотларнинг бой маънавий, маданий мероси билан танишади. “Боқий шаҳар”, умуман Самарқанддаги бунёдкорлик ишлари, тарққиётни кўриб шунга амин бўлдимки, бу юртда улуғ аждодлар бошлаган юксалиш авлодлар томонидан ҳам муносиб давом эттирилмоқда. Бу сайёҳлар оқимининг ортишига, юртингиз ривожланишига хизмат қилади. Ҳафталик бу ишларнинг янада самарали бўлишига замин яратади.

- Шу йилнинг ўзида иккинчи бор Ўзбекистонда меҳмон бўляпман, - дейди даниялик имом Абдулваҳид Питерсон. – Дастлаб оддий турист сифатида келгандим. Зиёрат туризми йўналишлари ҳақида ҳафталик давомида етарлича маълумотга эга бўлаяпман ва Ўзбекистонни янгидан кашф этяпман. Бу ерда ўрганиш керак бўлган маълумотлар, маданий мерос жуда кўп экан. Данияда ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизийлар фаолиятига қизиқиш катта. Шу боис, зиёрат туризмига бўлган талаб ҳам юқори. Афсуски, юртингиз ҳақида, туризм йўналишлари ҳақида юртдошларим жуда кам билишади. Тарғибот кучайтирилса, албатта, Самарқандда ҳам даниялик сайёҳлар сони ортади. Ўзим исломий давлатларга туристларни жалб қилиш билан шуғулланаман. Бундан кейин имкон қадар юртимда Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини янада кенг тарғиб этаман.

“Замонавий ислом меъморчилиги” кўргазмаси якунида туркиялик машҳур хаттот, Мармара университети профессори Афзалиддин Қилич маҳорат дарси ташкил этилди.