Илк сайловчилар ҳарбийлар бўлди
Самарқанд шаҳридаги 57-умумий ўрта таълим мактабида жойлашган 18-сайлов участкаси ҳам эрталаб соат 8.00 дан сайловчилар билан гавжум бўлди.
– Бу ерда овоз бериш учун Чўпонота ва Бунёд маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2185 нафар сайловчи рўйхатга олинган, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Баҳодир Қодиров. – Уларнинг 26 нафари сайловда биринчи марта иштирок этаётган йигит-қизлардир. 5 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берди.
Самарқанд шаҳридаги 84112-ҳарбий қисм ушбу ҳудудда жойлашган. Шу боис ҳарбийлар, шунингдек, маҳаллалар фаоллари ва зиёлилар дастлабки овоз берувчилар бўлди.
– Таклиф қоғозини олганимдаёқ сайлов участкасига шахсан бориб, энг муносиб номзодга овоз беришим зарурлигини режалаштиргандим, – дейди лейтенант Бекмурод Хайруллаев. – Шунинг учун ҳамкасбларим билан сайлов участкасига биринчилар қаторида келдик. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят ва Самарқанд шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар ҳамда уларнинг сайловолди дастури ҳақида етарли маълумотга эга бўлганим туфайли улар орасидан ўзим муносиб деб билган номзодни ёқлаб овоз бердим.