ННТлар ижтимоий муаммоларни ҳал қила оладими?
Самарқанд шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури кўмагида “Давлат ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ўзаро таъсир механизмлари ” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларнинг миллий Ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари - ННТлар, жамоат кенгашлари аъзолари, ЎзННТМА ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тренингда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишдаги қонунчилик ва тенденциялар, ижтимоий шериклик орқали ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ёндашувлар, жамоатчилик назоратини оширишда жамоат кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича маълумотлар берилди, муҳокамалар олиб борилди ва фикрлар алмашилди.
Ўзбекистон фуқаролик жамияти ривожланишидаги тенденциялар масаласи ҳам иштирокчиларни бефарқ қолдирмади, - дейди тренерлардан бири Марат Раҳимов. - Ижтимоий шериклик, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ёндашув борасидаги маълумотлар, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг ижросини таъминлашда жамоат кенгашлари фаолияти самарадорлигининг қиёсий таҳлили нодавлат ташкилотлар фаолиятида қўл келиши шубҳасиз.
Тренинг давомида тармоқ-фуқаролик жамияти ўзаро таъсирининг махсус минтақа муаммоларини муҳокама қилиш ва ННТларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқалари ва уларни биргаликда ҳал қилиш режасини ишлаб чиқиш бўйича ҳам билимлар берилди.
Икки кунлик тренингда вилоятда фаолият кўрсатаётган 30 га яқин ННТлар вакиллари билан биргаликда адлия, соғлиқни сақлаш ва халқ таълим бошқармалари каби давлат бошқаруви органлари масъуллари ҳам иштирок этиб, дастур доирасида муҳокамалар олиб боришди.
Фотеҳ Раҳматов.