Президент Давлат стипендиатлари орасида самарқандлик талабалар ҳам бор

2020/2021 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиялари танлови ғолиблари эълон қилинди. Улар орасида Самарқанддан қуйидаги талабалар бор.

Магистратура мутахассислиги бўйича

Фозилов Темур Фозилович

(Техника ва информатика мутахассисликлари бўйича)

Т.Фозилов 1996 йил 2 сентябрда Самарқандда туғилган. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг архитектура факультети, “Бино ва иншоотлар архитектураси” йўналиши бўйича 2-босқич магистранти.

Темур мунтазам равишда илмий изланишлар олиб боради. Республика ва хорижда ўтказилган конференциялардаги иштироки, чет эл ҳамда юртимиздаги нуфузли илмий журналларда чоп этилган мақолалари тилга тушган. Ҳозирги кунда у “Чет эл архитектурасидаги услубларни тадқиқ қилиш ва уларни замонавий Ўзбекистон архитектурасига татбиқ қилиш” мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда.

2018 йилда “Таълим, фан ва ишлаб ишлаб чиқариш интеграциясида инновацион технологияларни қўллаш - мамлакат тараққиётининг муҳим омили” мавзуидаги XV республика илмий-амалий конференциясида “Cув бўёқда ишлаш техникаси” мақоласи билан иштирок этган.

Темур Фозилов ўқиш билан бир вақтда, қатор илмий ҳамда илмий-лойиҳавий ишлар билан ҳам шуғулланади. Шулардан бири “Тасвирий санъат ва тафаккур” рисоласидир. Рисола орқали Ўзбекистондаги бир қатор таниқли рассомларнинг рангтасвир ҳамда график асарларидаги маънавий-маърифий ва фалсафий қарашларга оид кузатишларни таҳлил қилган.

***

Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича

Қаҳҳорова Азиза Нуриддиновна

(Табиий фанлар таълим йўналишлари бўйича)

А. Қаҳҳорова 2001 йил 8 февралда Самарқанд шаҳрида туғилган. 2017 йил Самарқанд давлат университетининг физика факультетига ўқишга қабул қилинган. Ҳозирги кунда университетнинг 4-босқич талабаси.

Азиза кафедра фанларидан физикавий экология, радиацион экология фанларига эътибор қаратиб, бу фанлардан бир неча марта илмий мунозаралар ва семинарларда қатнашган. У нафақат ядро ва элементар зарралар физикаси билан, балки кейинги йилларда ядро энергетикасининг ҳосил бўлиши, ядро реакторларининг ишлаш принципи каби мавзуларда ҳам илмий семинарларда маъруза қилиб келмоқда.

Ҳозир Азиза Қаҳҳорова олиб борган илмий-тадқиқот ишлари натижасига кўра, 2 та илмий мақола СамДУ ахборотномасида ва 2 та мақола хорижий журналларда чоп этилган. Азиза тажрибали профессор-ўқитувчилар раҳбарлигида университетда ўтказилаётган ўқув-семинарларда қизиқарли чиқишлари билан қатнашиб боради, ўз устида тинимсиз ишлайди. Рус, инглиз ва тожик тилларида эркин мулоқот қила олади.

***

Қобилова Зарина Абдўмумин қизи

(Педагогика таълим йўналишлари бўйича)

З.Қобилова 1997 йил 8 сентябрда Каттақўрғон туманида туғилган. 2015 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институти касб таълими (даволаш иши) факультетига ўқишга қабул қилинган.

Зарина “Восстановление фертильности при синдроме поликистозных яичников” мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда. “Замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари” номли халқаро илмий-амалий талабалар ва ёш олимлар анжуманида илмий маърузаси билан қатнашиб, 1-даражали диплом билан тақдирланган.

Тожикистон, Россия, Япония, Австралия, Буюк Британия каби давлатларда ўтказилган халқаро конференциялар иштирокчиси. Республикамизда биринчи бор 2019 йилда суд тиббиёти фанидан ташкиллаштирилган олимпиадада фахрли 1-ўринни эгаллаган. 2020 йилда талабалар ўртасида ўтказиладиган Л.С.Персианинов номидаги халқаро олимпиадада акушерлик ва гинекология фанидан фаол қатнашгани учун сертификат билан тақдирланган. Унинг 40 дан зиёд илмий мақола ва тезислари нашр этилган бўлиб, уларнинг 20 дан ортиғи хорижий конференция тўпламларидан ўрин олган.