Қачонгача чет элликларга ҳавас қиламиз?

5-синфда ўқирдим. Синфимизда деярли ҳамма ўқувчи география фанини яхши кўрарди. Ҳатто аранг “уч” баҳога ўқийдиганлар ҳам география фанидан семиз “тўрт” оларди. Сабаби, ўқитувчимиз география фанини ҳаётий мисоллар билан шундай қизиқарли ўтардики, болалар бор диққат-эътибори билан тингларди. Ўқитувчимиз М.Маҳмаев: “Ўтган дарсга ким жавоб беради?” деса синфда ҳамма баравар қўл кўтарарди. Бошқа дарсларда эса бундай бўлмасди. Бироқ ўқитувчимиз ўзи истиқомат қиладиган қишлоқ мактабида ишлашга кетди. Болаларнинг фанга қизиқиши ҳам сўнди.
6-7-синфда ўқийдиган чоғларим мактабимизга француз тилидан эркак ўқитувчи келди. У қисқа муддат ичида болаларни француз тилига қизиқтира олди. Биз учун жуда қийин туюлган фан осондек кўрина бошлади. Ҳатто французча шеърлар ёд олдик. Ўқитувчимиз бизга янгича услубда дарс ўтарди. Масалан, “Ким мана шу тўртта сўзнинг таржимасини ёдлаб менга айтса, биринчи бўлиб “беш” баҳо олади ва уйига кетади”, дерди. Ҳамма сўз ёдлашга тушарди. Ёки ўқитувчимиз ҳаммани бирданига турғазиб, машқ қилдирарди. Энди билсам болаларнинг диққатини жамлаш учун шундай қилган экан. Қарабсизки, француз тилига бинойидек тушуниб қолдик. Кичик-кичик матнларни таржима қила бошладик…
Йиллар ўтди. Болам мактабга қатнай бошлади. Бошланғич синфда аъло баҳоларга ўқиган ўғлим, 4-синфга ўтгач, математика фанидан “4” баҳо олиб кела бошлади. Сабабини сўрасам, “Ўқитувчимиз жуда баджаҳл, тушунмаганимни сўрасам уришиб беради. Бошқа болалар ҳам дарсни тушунмаса-да, сўрашга қўрқади, ҳамма индамай ўтиради” деди. Ўғлим мактабни алгебрадан ташқари бошқа ҳамма фанлардан аъло баҳога битирди.
Бугун айрим ўқитувчиларнинг «Болаларнинг ўзи дарсга қизиқмайди, ўқимайди» деган фикрига қўшилмайман. Болани ўқишга қизиқтириш ўқитувчига боғлиқ. Агар у фанни ўқувчиларнинг онгига етказиб беролмаса, бунга унинг ўзи айбдор. «Йўқ, у замонлар бошқа эди, ҳозир ҳамманинг қўлида телефон. Болалар телефонга чалғиб ўқимаяпти» дейишингиз мумкин. Аммо Япония биздан анча ривожланган давлат бўлишига қарамасдан, уларда бундай муаммо йўқ. Ҳамма япон болалари дарсларни тўлиқ ўзлаштира оларкан, уларда “уч” баҳога ўқийдиган боланинг ўзи йўқ. Хўш, улар бунга қандай қилиб эришяпти? Сабаби оддий. Японияда ҳар бир боланинг қобилиятини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилишади. Ўқитувчилар билганини ҳамманинг олдида айтиб беролмайдиган ўқувчилар билан кўпроқ шуғулланади. Иккинчи сабаби, оила. Япон оилаларида болаларига “Агар сен ўқимасанг, камбағал бўлиб яшайсан” деб уқтириларкан. Бизда баъзи оилаларда “Ўқиганинг билан менга шаҳар олиб берармидинг”, дейишади. “Ўқиб нима қилардинг, ана, чет элга ишлагани кетганлар зўр пул топяпти” дейдиган ота-оналар ҳам кам эмас. Бизнинг қолоқлигимиз, тараққиётдан ортда қолаётганимизнинг сабаби шунда эмасми? Таълим-тарбия мактабда ва оилада бирдек олиб борилмаса, доим чет элликлар ҳаётига ҳавас қилиб яшайверамиз.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.