Самарқандда чорвачиликни ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, вилоятда 889 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд. Ушбу хўжаликларда 336,9 минг бош, шундан 85,6 минг бош йирик шохли, 251,2 минг бош майда шохли чорва моллари боқилмоқда. Мазкур чорвачилик хўжаликларига 147,6 минг гектар озуқа ва яйлов ер майдонлари ажратилган.
2019 йилда гўшт йўналишидаги бўрдоқичилик хўжаликларига жами 2,4 минг гектар (29,3 гектар қурилишга, 2398,3 гектар озуқа экинига) ер майдонлари ажратилиб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 июль куни ташрифидаги йиғилиш баёнида вилоятнинг ҳар бир ҳудудида камида иккитадан бўрдоқичилик хўжаликларини ташкил этиш топшириғи берилган.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2019-2020 йилларда вилоятда қиймати 62,9 миллиард сўмлик 27 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига гўшт йўналишида 5 220 бош чорва моллари олиб келиш режалаштирилган. 2019 йилда гўшт йўналишида 12 та лойиҳалар амалга ошрилиб, четдан 1170 бош чорва моллари олиб келинган.
Бугунги кунда вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази (Ш.Тошпўлатов), инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси (Ф.Мажидов), Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Қ.Собиров), тижорат банклари ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда Қозоғистон давлатидан чорва молларини харид қилишга тақиқ қўйилганлигини ҳисобга олиб, амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларни қайтадан кўриб чиқиш, қўшимча лойиҳаларни шакллантириш ва тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ҳамда шакллантирилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.
Бундан ташқари, вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси (Э.Тошмуродов), вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (С.Ҳакимов), давлат солиқ бошқармаси (Ш.Аҳмедов) туман ҳокимликлари, мавжуд чорвачилик хўжаликларини хатловдан ўтказиб, ажратилиб берилган озуқа майдонларига нисбатан кам чорва моллари ташкил қилган хўжаликларда чорва молларини кўпайтириш ва ажратилган ер майдонларидан самарасиз фойдаланган хўжаликларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази, молия бошқармаси (Б.Мирзаев) туман ҳокимликлари билан биргаликда аҳоли хонадонларидаги ҳамда чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида мавжуд сигир ва таналарни 100 фоиз сунъий уруғлантириш ишларини ташкил этиш мақсадида фермер хўжаликларида сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил этиш ва уларни тўлиқ жиҳозлаш, суюлтирилган азот ва наслли буқаларнинг музлатилган уруғлари билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Вилоятдаги қорамолчилик наслчилик хўжаликларида белгиланган меъёрий ҳужжатларни талаб асосида юритиш ҳамда хўжаликлардаги мавжуд сигирлар бош сонига нисбатан 20 фоиз миқдорида наслли чорва молларини деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб бериш ишлари ташкиллаштирилмоқда.
Аслида бугунги чорвачилик хўжаликларида етиштирилган гўшт маҳсулотлари вилоят аҳолиси эҳтиёжининг бор-йўғи 6,1 фоизини таъминлайди, холос.