Самарқандда регби оммавий спорт турига айланади

Тойлоқ болалар-ўсмирлар спорт мактабида регбини оммалаштиришга бағишланган кўргазмали амалий семинар ҳамда регби бўйича Самарқанд вилояти очиқ биринчилиги ўтказилди.

Тадбир вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, вилоят регби федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Семинарда тойлоқликлардан ташқари Нуробод, Иштихон, Ургут, Жомбой, Паст Дарғом, Каттақўрғон тумани ёш спортчилари қатнашди.

Ўзбекистон Регби федерацияси ижрочи директори Р.Самиев ушбу спорт турининг оммавийлигини ошириш ҳамда жамоаларни шакллантириб, республика ва халқаро мусобақаларга тайёрлаш хусусида сўз юритди. Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 29 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Мутахассис сифатида регбининг барча қоидаларини кўргазмали тарзда тушунтириб берди.

Тадбир давомида ўтказилган регби бўйича вилоят очиқ биринчилигида Нуробод тумани регбичилари жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпиа захиралари мактаб-интернати ҳамда Паст Дарғом тумани жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Абдулла НИСОРОВ.