Самарқандда роботлаштирилган жарроҳлик технологиялари асосида жиҳозланган янги клиника очилди
100 ўринли “Meros international hospital” клиникасида энди роботлаштирилган жарроҳлик амалиёти амалга оширилади.
Тиббиёт масканининг очилишида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, мазкур клиника халқимизга замонавий тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилишини таъкидлади.
Клиника таъсисчиси Насимжон Комиловнинг айтишича, олти қаватли клиника Самарқанд шаҳар Суғдиёна масканида жойлашган бўлиб, унинг қурилишига 15 миллион доллар маблағ сарфланган. Клиникада жарроҳлик операция хонаси 5 та, реанимация хонасидаги ётоқлар 10 та, стационар палаталардаги ётоқлар сони 80 тани ташкил этади.
Клиника Туркиянинг Анадолу клиникаси билан ҳамкорликда иш олиб боради, - дейди клиника директори Рамиль Купадзе. - Бино Жанубий Кореянинг "Revo I" роботлаштирилган жарроҳлик комплекси, Германиянинг "Brainlab ner" навигацион тизими асосида жиҳозланган ва бу ерда 55 турдаги тиббий хизматлар кўрсатилади. Ушбу технологиялар орқали онкология касаллигига чалинган беморлар учун жарроҳлик амалиёти юқори ва сифатли даражада амалга оширилади. Шунингдек, нейрохирургия, урология, гнекология ва лор касалликлари энг сўнгги технологиялар асосида даволанади. Айтиш жоизки, роботлаштирилган жарроҳлик амалиёти энди Самарқандда илк бор амалга оширилади.
Шифо масканида 190 нафар мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ҳамда Туркия ва кореялик мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.
Иштирокчилар клиника фаолияти билан танишди ва мутахассислар замонавий технологиялар ҳақида маълумот берди.