СамДЧТИ ректори: Абитуриентларни ўзимиз тайёрлаймиз

2021-2022 ўқув йилидан вилоятнинг Нарпай ҳамда Пайариқ туманларида “Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили)” ва “Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили” факультетларини ташкил этяпмиз.

“Нега айнан ушбу икки тумандан очяпсизлар?” деган савол туғилиши мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Нарпай хизмат кўрсатиш техникуми ҳамда Пайариқ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежлари Самарқанд давлат чет тиллар институти тасарруфига ўтказилган. Ушбу икки тумандаги иншоотлар ҳам эскириб, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Биз буларни тўлиғича қайта таъмирдан чиқарамиз, талабаларнинг замонавий таълим олишлари учун зарур имкониятлар яратамиз.

Мазкур иккала туманда очиладиган факультетлардаги таълим йўналишларига, яъни “Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили” йўналишига 60 тадан, “Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили)” йўналишига 40 тадан квота ажратиб, жами 200 нафар абитуриентни ўқишга қабул қилишни режалаштиряпмиз. 

Бундан ташқари, институт атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» рўйхатида турган уюшмаган ёшларни бирлаштириб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишни мақсад қилдик. Бу борада қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш психологик маркази ташкил этиб, 100 нафардан ортиқ хотин-қизларни жалб этамиз. Ёшларнинг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида IT ҳамда АКТ билан ишлаш курсига 300 нафар, тадбиркорлик ва касбга йўналтириш курсига 200 нафар ёшларни қамраб оламиз. Шунингдек, ёшларнинг тил кўникмаларини ошириш, уларга хорижий тилларни мукаммал ўргатиш орқали ОТМга жалб қилиш мақсадида турли бепул тил курсларини (инг­лиз тили 300 нафар, немис, француз, хитой, япон ва корейс тиллари 50 нафардан) жорий этамиз. 

Маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этиладиган “Қувноқлар ва зукколар” клуби ва “Таржимон” театр студиясига 100 нафардан, “Заковат” клуби ва китобхонлик тўгаракларига 200 нафардан ёшларни қамраб оламиз.

Ушбу механизм орқали 300 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади, 200 нафарининг касб эгаси бўлишига кўмаклашамиз. 350 нафарини ОТМга қамраб олиб, 200 нафарининг тил билиш даражасини оширамиз.

Институтимиз талабаларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда аданият вазирлиги билан ҳамкорликда мусиқа ижрочилиги, анъанавий хонандалик ва рақс санъати бўйича талабалар ҳаваскорлик ансамбллари ташкил этамиз. Эндиликда вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда институтда ҳафтада икки марта, талабалар турар жойида ҳафтада бир марта таниқли маданият ва санъат ходимлари билан ижодий учрашувлар, спектакллар, концерт-томоша дастурлари, миллий мақом куйлари кечаларини ташкил этиш режалаштирилди. 

Албатта, бу ишлар замирида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсад қилинган. 

Илҳомжон Тўхтасинов,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.