Сунъий интеллект касалликни аниқлаши ёки ташхис қўйиши мумкинми?

Ўқувчи ва талабалар давомати ҳамда хавфсизлигини сунъий ақл қандай назорат қилади?

Самарқандлик олимлар сунъий интеллект орқали шу каби долзарб муаммоларга ечим топиш устида ишлаяпти.

ТАТУ Самарқанд филиали ўқитувчи ва тадқиқотчилари томонидан сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида қатор инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Муассаса директори Зайниддин Қаршиевнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳалар тиббиёт, таълим, телекоммуникация, чорвачилик, транспорт ва кўчмас мулк соҳаларидаги муаммолар юзасидан замонавий ечимларни жорий этишга қаратилган.

Давлат хизматлари тизими учун автоматлаштирилган ечим

Доцент Илёс Хўжаёров раҳбарлигида давлат хизматлари марказларидаги “cаll-марказ”лар фаолиятини автоматлаштириш бўйича сунъий интеллектга асосланган комплекс дастурий мажмуа ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида фуқароларнинг мурожаатларини автоматик қабул қилиш ва қайта ишлаш, такрор бериладиган саволларга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ва тезкор жавоб бериш имкониятлари яратилади. Тизим табиий тилларни қайта ишлаш (NLP) ва машинавий ўрганиш алгоритмларига асосланиб, операторлар юкламасини сезиларли даражада камайтиради. Натижада аҳоли учун хизмат кўрсатиш вақти қисқаради, хизматлар сифати ошади ҳамда давлат хизматлари марказларининг операцион харажатлари оптималлаштирилади.

Ҳайвонларга электрон ташхис қўйиш мумкин(ми?)

Профессор Холида Примова раҳбарлигида ҳайвонлар касалликларини сунъий интеллект асосида ташхислаш электрон тизими ҳамда кўкрак қафаси рентген тасвирлари орқали ўпка касалликларини аниқлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

- Ҳайвонлар касалликларини ташхислаш тизими ветеринария соҳасида тезкор ва аниқ қарорлар қабул қилиш имконини яратиб, чорвачиликда касалликларнинг олдини олиш ва иқтисодий йўқотишларни камайтиришга хизмат қилади, - дейди Х. Примова. - Шу билан бирга, рентген тасвирларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш орқали ўпка касалликларини бир неча сонияда аниқлаш имконияти яратилади. Бу эса шифокорлар ишини енгиллаштиради ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатишга замин яратади.

“Ақлли уй-жой ва кўчмас мулкни ривожлантириш платформаси”

ТАТУ Самарқанд филиали доценти Илҳом Исмоилов томонидан ишлаб чиқилаётган ушбу лойиҳа кўчмас мулк бозорида шаффофликни таъминлашга қаратилган. Лойиҳа доирасида сунъий интеллект ёрдамида уй-жой нархларини реал вақт режимида таҳлил қилиш ва прогнозлаш, фирибгарлик эълонларини аниқлаш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш имкониятлари яратилади. Ушбу рақамли платформа аҳоли, инвесторлар ва қурувчилар учун ишончли ахборот манбаи бўлиб, уй-жой бозорини илмий асосланган ҳолда ривожлантиришга хизмат қилади. 

 

“Tracking” коммунал соҳа ва солиқ ходимлари фаолиятини доимий мониторингдан қилиб боради

Филиал ўқитувчилари Нодир Зайналов ва Музаффар Саидмуродов томонидан ишлаб чиқилаётган “Tracking” назорати платформаси ҳудудларда кунлик фаолият олиб борадиган ходимларни назорат қилишга қаратилган. 

- Лойиҳа ҳудудларда кунлик фаолият олиб борадиган ходимлар, жумладан, энергетика, ҳудудгаз, сув таъминоти ва солиқ идоралари каби дебиторлик юқори кузатиладиган ташкилотлар ишини доимий назорат қилиш орқали иш унумдорлигини оширади ва дебиторликни қисқартиришга хизмат қилади, - дейди Н.Зайналов. - Лойиҳа доирасида ходимларнинг кунлик вазифалари, маршрутлари ва бажарилган ишларини “Tracking” платформасида рўйхатдан ўтказиш, реал вақт режимида мониторинг қилиш ва ҳисоботларни шакллантириш, бажарилмаган ёки кечиктирилган топшириқлар бўйича огоҳлантириш механизмларини жорий этиш, раҳбарият учун таҳлилий панел (дашбоард) яратиш ҳамда дебиторликни ундириш жараёнини рақамли назорат ва KPI орқали бошқариш ишлари амалга оширилади. 

Ўзбек тили миллий корпусининг дастурий таъминоти такомиллаштирилмоқда

Профессор Абдували Қаршиев томонидан ишлаб чиқилаётган “Ўзбек тили миллий корпусининг дастурий таъминотини такомиллаштириш ва матнлар базасини шакллантириш” лойиҳаси ўзбек тилидаги матн ресурсларини ягона илмий-амалий платформада жамлаш, излаш ва лингвистик таҳлил имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Лойиҳа доирасида турли манбалардан матнларни йиғиш ва тозалаш, метамаълумотларни стандартлаш, корпус базасини шакллантириш, қидирув ва фильтр механизмларини ривожлантириш, морфологик-синтактик белгилаш (аннотация) модулларини жорий этиш, корпус билан ишлаш учун веб-интерфейс ва API яратиш, унумдорлик ва хавфсизликни ошириш ҳамда тизимни тестдан ўтказиб амалиётга татбиқ этиш ишлари бажарилади.

Ўқувчи ва талабалар давомати ҳамда хавфсизлигини АI (сунъий интеллект) қандай назорат қилади?

Доцент Ҳошим Раҳманов ва ассистент  Ином Раматов томонидан ишлаб чиқилаётган “Зийрак - ўқувчи ва талабалар давоматини мониторинг қилиш ҳамда хавфсизлигини таъминлашнинг интеллектуал ахборот тизими” лойиҳаси ўқувчи ва талабалар давомати ҳамда таълим муассасаларида хавфсизликни сунъий интеллект асосида автоматлаштирилган тарзда таъминлашга қаратилган. 

Ҳошим Раҳмоновнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида камера–сервер–АI модулларидан иборат техник инфратузилма яратилиб, реал вақтда видео оқимларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бунда юзни аниқлаш ва идентификация қилиш ҳамда давоматни автоматик қайд этувчи АI алгоритмлари ўқитилиб оптималлаштирилади. Тизим  мавжуд камера тармоқлари билан синхронлаштирилиб, барча маълумотлар ягона платформага бирлаштирилади, мутахассислар ва техник жамоа ҳамкорлигида босқичма-босқич жорий этиш, ходимларни ўқитиш, сервер ва камера тизимларини ўрнатиш, тестдан ўтказиш ҳамда муассасаларга татбиқ қилиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, АI моделлари аниқлиги, хавфсизлик ва тизим тезлиги мунтазам назорат қилиниб, янгилаб борилади.

Автомобиллар тезлигини мониторинг қилувчи платформа

Муассаса доцентлари Ҳотам Мирзоқулов ва Ҳошим Раҳмонов томонидан ишлаб чиқилаётган “Видеокузатув камералари асосида автомобилнинг ўртача тезлигини мониторинг қилишнинг интеллектуал тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” лойиҳаси видеокузатув камераларидан олинадиган видео оқимлар асосида автомобилларнинг ўртача тезлигини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш, тезлик режими бузилишларини реал вақтга яқин тарзда самарали кузатиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга қаратилган. Лойиҳа доирасида аввало техник ва ташкилий тайёргарлик ишлари амалга оширилади, сўнг бир нечта камералардан келаётган видеолар таҳлил қилиниб, транспорт воситаларини аниқлаш (YOLO) ва уларнинг ҳаракатини кузатиш (DeepSORT) орқали ўртача тезликни ҳисоблайдиган интеллектуал тизим ишлаб чиқилиб, тестдан ўтказилади. Кейинги босқичда тизим амалиётга жорий этилиб кенгайтирилади ва эксплуатация жараёни йўлга қўйилади, доимий хизмат кўрсатиш ва аналитик ҳисоботларни шакллантириш механизмлари ишлаб чиқилади.

Айни пайтда олимлар мазкур лойиҳаларни амалиётга тўлиқ жорий этиш устида  ишламоқда ва бу платформалар ҳаётга татбиқ этилса, ҳудуднинг инновацион салоҳияти ошишига, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ривожланишга хизмат қилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.