Яна 10 та ДХМда ID-карта олиш хизмати йўлга қўйилди

Ҳозирда биометрик паспортларни ID-карталарга алмаштириш Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилмоқда.

Эндиликда ушбу хизматдан Бухоро, Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Қарши, Самарқанд, Урганч, Фарғона шаҳарлари ва Хўжайли тумани давлат хизматлари марказлари орқали ҳам фойдаланиш мумкин.

Хизматни сифатли кўрсатиш учун марказда барча шарт-шароит яратилган бўлиб, зарур техник асбоб-ускуналар олиб келиниб, ўрнатилган.

Муҳими, ушбу хизматдан марказ орқали фойдаланиш истагида бўлганлар онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳам электрон ариза беришлари мумкин. Ҳужжатни расмийлаштириш муддати — 1 кун.