Янги конституция Назарбоев ва унинг оиласини имтиёзларининг бир қисмидан маҳрум қилди

Қозоғистон конституциясининг янгиланиши билан Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзоларига қатор имтиёзлар берган “Қозоғистоннинг биринчи президенти – миллат етакчиси тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотди, деди журналистларга республика парламенти Сенати спикери Маулен Ашимбаев.

 "Элбошига келсак, биз Элбошига, унинг оила аъзоларига тегишли нормаларни олиб ташладик. Энди "Биринчи Президент тўғрисида"ги конституциявий қонун ўз кучини йўқотади", - деди Ашимбаев.

 “Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бугун сиёсатга аралашмайди. Албатта, референдум, сайлов каби кенг кўламли тадбирларда у мамлакат фуқароси сифатида қатнашиши мумкин”, - деди спикер. “Биз биринчи президент билан маслаҳатлашмаймиз, бундай чора йўқ. Ҳозирда барча ҳукумат тармоқлари, барча давлат органлари ўз ваколатларини қонунчилик даражасида амалга оширадилар”.

 5 июнь куни Қозоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Асосий қонунга киритилган ўзгартиришни 68,05 фоиз иштирок этган сайловчиларнинг 77,18 фоизи қўллаб-қувватлади. Тасдиқланган ўзгартиришлар 2022 йил 8 июндан кучга кирди.

 Хусусан, конституцияга киритилган ўзгартиришлар Назарбоевнинг асосий қонунда мустақил Қозоғистон асосчиси, Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Эльбаси (миллат етакчиси) сифатида кўрсатилиши ва унинг мақомининг ўзгармаслиги чиқариб ташланди. Шунингдек, конституциядан биринчи президент роли ва имтиёзлари – унинг кетма-кет икки мартадан ортиқ президент этиб сайланиш ҳуқуқи ҳамда биринчи президентнинг мақоми ва ваколатлари конституция ва конституциявий қонун билан белгиланиши тўғрисидаги қоидалар чиқариб ташланди.

Тузатишларнинг асосий қисми бошқарувнинг супер-президентлик шаклидан кучли парламентга эга президентлик республикасига якуний ўтишга қаратилган эди. Янгиланган конституцияда президентнинг барча сиёсий партия ва ҳаракатлардан тенг узоқлаштирилган мақоми белгилаб қўйилган, давлат раҳбарининг энг яқин қариндошларига квазидавлат секторида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш тақиқланган.