«Доллар» қандай пайдо бўлган?
Замонавий дунёда машҳур Америка пул бирлигидан тортиб, унчалик машҳур бўлмаган Австралия, Канада ёки Сингапур долларлари учрайди. Лекин нега бу ном шу қадар машҳур бўлди?
Талернинг туғилиши
XVI асрда Чех Қироллигидаги кичик Иоахимсталь (ҳозирги Яхимов) шаҳрида бой кумуш кони топилган. Ўшанда ҳукмдор Стефан Шлик имкониятни бой бермасдан ўзининг «иоахим сталер» деб номланган тангаларини зарб қила бошлади.
Кейинчалик кумушнинг софлик даражаси юқорилиги туфайли тезда машҳурликка эришган, талаффуз қилиниши қийин номланиш замонавий «доллар»нинг асосчиси бўлган оддийгина «талер»гача қисқартирилди.
Тиллар ва мамлакатлар оша
Турли мамлакатларда тарқалиш билан бирга «талер» маҳаллий тиллар ва анъаналарга мослашиб, ўзгариб борди. Шу тарзда «далер», «толар», «талар» ва ниҳоят «доллар» пайдо бўлди.
Қизиғи, «доллар» сўзини биринчилардан бўлиб XVI-XVII асрларда денгиз ва савдо бўйича етакчи давлат ҳисобланган Британия империяси ишлатиб, олдиндан унинг келажакдаги тақдирини белгилаб қўйган.
Америка долларининг туғилиши
Америка Қўшма Штатлари ўзининг пул тизимини яратган даврда, миллий валютани «доллар» деб номлашга келишиб олинди. Континентал Конгресс бу ҳақда 1785 йилда эълон қилди. Дастлаб фақат кумуш доллар тангалари зарб қилиниб, 1861 йилда эса биринчи банкноталар чоп этила бошланди.
Сирли рамз
Қандай қилиб устида иккита вертикал чизиб қўйилган «S» ҳарфи долларнинг рамзига айланди - тарихчилар орасида бу мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Баъзилар рамзнинг келиб чиқиши испан песосининг (Ps) ўзгартирилган қадимий белгиси деб айтса, бошқалари бу US (яъни, Америка Қўшма Штатлари)нинг услубга солинган ҳарфларига ишора қилишади.
Бутун дунё бўйлаб тарқалган доллар
Бугунги кунда «доллар» дунёнинг ўнлаб мамлакатлари валюталари номланишида қўлланилади. Таниқли Америка, Канада ва Австралия долларларидан ташқари, Гонконг, Тайвань, Янги Зеландия, Либерия, Фижи ёки Бруней каби давлатларининг экзотик пуллари ҳам доллар деб аталган.
Уларнинг ҳар бири ўзига хос тарих ва хусусиятларга эга бўлса-да, барчаси ўрта асрда дунёга келган “талер”нинг умумий мероси билан боғлиқ.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.