Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 34 кишига коронавирус юқишига сабабчи бўлган тиббиёт ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилояти ҳудудида СОVID-19 инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш ва унинг келиб чиқиш манбасини аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт ходимларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда.

Мазкур гуруҳ томонидан олиб борилган эпидемиологик суриштирув ишлари давомида вилоятдаги туманлардан бирида бўлим мудири вазифасида ишлаётган фуқаро Х.Д. жорий йилнинг 20 апрель кунидан соғлиғида ўзгариш бошланиб, ўзида йўтал, тана ҳароратининг 39С гача кўтарилиши, нафас қисиши каби коронавирус инфекцияси белгиларини ҳис қилгани ҳолда уй шароитида даволана бошлаганлиги аниқланган.

У COVID-19 инфекциясини юқтирганини сезса-да, карантин шароитида тегишли тартибда давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ўтмасдан, 27 апрель кунига қадар ўзбошимчалик билан уй шароитида ўзини ўзи даволаш билан шуғулланиб, санитарияга оид қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган.

Оқибатда Х.Д. у билан доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаган бемор ва ҳамкасбларидан 11 нафарига, улар орқали яна 23 нафар шахсга COVID-19 инфекцияси юқишига сабабчи бўлган.

2020 йил 12 май куни Х.Д.га нисбатан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонун ҳужжатларни ёки эпидемияга қарши кураш қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Х.Д. орқали касаллик юқтирган жами 34 нафар шахснинг барчаси карантинга олиниб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.