Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғибаланддаги тарихий анжирзорга етказилаётган зарарнинг олди олинади

Кеча, 21 июль куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида меҳнат фахрийси Жаббор Қодировнинг Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида анжирзор яқинидаги корхонадан чиқаётган чанг туфайли ушбу боғга зарар етказилаётгани ҳақидаги мурожаати эълон қилинганди.

Ушбу ҳолат вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида ҳақиқатда ҳам корхона яқинида жойлашган “Фубер Сиди Пласт” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жараёнида ҳосил бўлган чанглар ушбу анжирзорларга зарар етказаётгани аниқланди.

Шу боис жамият раҳбариятига келгусида бундай ҳолат такрорланмаслиги учун чангни тутиб қолувчи ускуналар ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Самарқанд шаҳар инспекцияси давлат инспекторига огоҳлантириш берилиб, корхонага 3 кун муддатда куннинг иккинчи ярмида “Жаббор Қодиров боғлари” фермер хўжалигига тегишли бўлган анжир боғини тартибга келтиришда амалий кўмак бериши тушунтирилди.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.