Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

G20 энергетика вазирлари ва экологлари: Пластик чиқиндилар дунёни емираяпти

G20 га аъзо давлатларнинг энергетика ва экология вазирларининг Японияда бўлиб ўтган икки кунлик йиғилишида асосан пластик чиқиндилар масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилиш қатнашчилари ўз мамлакатларида келгусида пластик чиқиндиларни камайтириш масаласига кўпроқ эътибор қаратишларини билдирдилар ва бу ҳақда келишувлар имзоладилар.

Улар имзолаган ҳужжатда жумладан шундай дейилади:

"Ҳар йили дарёларга ташланаётган пластик чиқиндилар нафақат дарёлар фаунасини, балки дарёлар орқали океанларга оқиб чиқиб дунё океани фаунасини ҳам ифлослантирмоқда ва ўлдирмоқда. Океанларга тушган пластик чиқиндилар турли ноёб жониворлар ошқозонига тушиб, сўнг уларни ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда.  Шунинг учун ҳам муаммонинг ечимларидан бири пластик чиқиндиларни камайтиришдир".

БМТ ҳисоботларига кўра, дунёда бир йилда 300 млн тонна пластик чиқиндилар пайдо бўлмоқда.  Шундан 8 млн тоннаси дунё океанига тушмоқда ва океандаги мавжудотларнинг ҳаётига катта хавф солмоқда.

Япониядаги йиғилишда, шунингдек, нефть ва нефть маҳсулотларини ташишда дунё океанига зарарсиз бўлган технологиялардан фойдаланиш ва иложи борича денгизга нефть ва нефть маҳсулотларини камроқ тўкиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилиш қатнашчилари дунё океанини тоза сақлашда биргалашиб ҳаракат қилиш вақти аллақачон келганини эътироф этдилар ва биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида келишув имзоладилар.