Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ХТВ ота-оналарни байрам баҳона ўқитувчи учун мажбурий йиғимларни уюштирмасликка чақирди

Халқ таълим вазирлиги ота-оналардан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунида ўқитувчиларга совға бериш учун мажбурий йиғимларни ташкиллаштирмасликни сўради.

"Мазкур жараёнда баъзи синфларнинг қўмита вакиллари “ўта фаоллик” кўрсатмоқда. Яъни, ўқитувчиларни байрам билан табриклаш мақсадида пул йиғимларини ташкил қилиш натижасида айрим ота-оналар норозилигини келтириб чиқариш ҳолатлари учрамоқда.

Халқ таълими вазирлиги 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамида фарзандларига билим ва тарбия бераётган ўқитувчиларни ўз истак, имкониятларидан келиб чиқиб, табриклаётган ота-оналарга ўз миннатдорчилигини билдиради. Лекин ўқитувчиларни табриклаш натижасида ота-оналар норозилиги келиб чиқиши керак эмас. Агарда кимнинг имконияти бўлмаса, бошқа фаол ота-оналар томонидан мажбурлаш ёки улар номидан умумий совға қилиш баҳонасида мажбурий пул йиғиш нотўғри.

Халқ таълими вазирлиги юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ота-оналар норозилиги билан ундириладиган барча йиғим турларига чек қўйиш кераклигини эслатиб ўтади. Ўқитувчиларни хурсанд қилмоқчи бўлсак, байрамни ҳақиқий кўтаринки руҳда нишонлайлик ва ҳеч кимнинг норози бўлишига йўл қўймайлик!", дейилган вазирлик хабарида.